Олий таълим, фан ва инновациялар вазири олий таълим ташкилотлари ва академик лицейларда 2025/26 ўқув йилининг бошланиш саналарини тасдиқлади. Унга кўра:
- академик лицейларнинг барча босқич ўқувчилари ва ОТМларнинг 1-босқич талабалари учун дарс жараёнлари 2025 йил 3 сентябр, чоршанба кунидан;
- олий таълим ташкилотларининг 2- ва ундан юқори босқич талабалари учун 8 сентябр, душанбадан бошланади.
ОТМларда 1-курсга қабул қилинган талабалар учун “Кредит таълими тизимига кириш” ҳафталиги ҳамда “Талабаликка бағишлов” тадбирлари ташкил этилади. Ҳафталик доирасида:
- талабалар ОТМ фаолияти билан таништирилади, кредит-модул тизимининг мазмун-моҳияти тушунтирилади;
- танлов фанлари мақсадли танланади;
- талабаларда мустақил таълим кўникмаларини шакллантириш, академик ҳалоллик тамойиллари ва касбий ҳамда шахсий ривожланиш масалалари юзасидан тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилади.
Аввалроқ ўзини ўзи молиялаштиришга ўтмаган университетларда тўлов-контракт миқдори ошмаслиги эҳтимоли борлиги хабар қилинганди.











