Қариш – табиий жараён. Аммо баъзида инсон организми ёшига нисбатан тезроқ қариб, тери, мушак, ички аъзолар ва асаб тизимида ўзгаришлар юз беради. Ажин тушиши, сочлар оқариши, тез чарчаш, иммунитет пасайиши, касалликларга чалиниш ва метаболизм секинлашиши каби белгилар кузатилади. Хўш, айнан қайси омиллар организм фаолиятини издан чиқариб, танани эрта қаритади? Соғлом қариш учун нималарга кўпроқ эътибор бериш керак? Ушбу мақолада жараёнга сабаб бўлувчи асосий омиллар ва танани узоқ йиллар давомида соғлом, ёш сақлаш бўйича амалий тавсиялар тақдим этилади.
Қаришни тезлаштирувчи одатлар
Нотўғри овқатланиш. Меъёрдан ортиқ шакар, оқ нон, транс ёғлар ва қайта ишланган маҳсулотларни истеъмол қилиш организмда эркин радикаллар (организмдаги ҳужайраларда ҳосил бўладиган реактив, яъни кимёвий жиҳатдан фаол молекулалар)ни кўпайтиради. Эркин радикаллар ҳужайра мембраналари ва ДНК’ни зарарлайди, натижада тери эластиклигини йўқотади, ажинлар эрта пайдо бўлади ва метаболизм секинлашади. Шу билан бирга, ортиқча шакар қондаги глюкоза даражасини оширади, бу эса гляциялаш жараёнини тезлаштириб, коллаген толаларини қотириб қўяди ҳамда терини қуритиб юборади.
Чекиш ва алкогол. Тамаки ва спиртли ичимликлар организмга кўплаб салбий таъсирларни кўрсатади. Никотин қон томирларини торайтиради ва қон айланишини секинлаштиради, оқибатда терига етказилиши зарур бўлган кислород ва озуқа моддаларининг миқдори камаяди. Бу тери эластиклигини пасайтиради, ажинлар эрта пайдо бўлишига сабаб бўлади. Спиртли ичимликлар эса жигарни зарарлайди, метаболизмни бузади ва токсинлар чиқариш жараёнини секинлаштиради. Бунинг таъсирида тери эрта қуруқлашади, юз ранги сарғаяди ва қариш белгилари кучаяди.
Уйқу етишмовчилиги. Сифатли уйқу организмни тикланиш жараёни билан таъминлайди. Уйқу етишмаса, мелатонин гормони етарли даражада ажралмайди, бу эса ҳужайраларнинг янгиланишини секинлаштиради. Натижада тери эластиклигини йўқотади, ажинлар пайдо бўлади ва иммун тизими заифлашади. Доимий уйқусизлик стресс гормонлари миқдорини оширади ва метаболизм секинлашади, бу эса қариш жараёнини тезлаштиради.
Кундалик стресс. Доимий тушкун кайфият организмни заифлаштиради. Кортизол гормони ортиқча ажралганда иммунитет тизими пасаяди, яллиғланиш жараёнлари кучаяди, тери ҳамда ички органлар тезроқ қарий бошлайди. Стресс таъсирида одамлар кўпинча нотўғри овқатланади, кам ухлайди ва зарарли одатларга амал қила бошлайди, бу эса қаришни янада фаоллаштиради.
Қуёш нурлари. Ултрабинафша (УВ) нурлар тери коллаген толаларини парчалайди ва эластин синтезини камайтиради. Оқибатда тери тонуси пасаяди, ажинлар пайдо бўлади. Шунингдек, қуёш нурлари тери пигментациясини бузади, доғлар ва қизаришларни келтириб чиқаради. Қуёшдан ҳимоя қилувчи кремлардан фойдаланмаслик эрта қариш белгиларини сезиларли даражада оширади.







