Кўчмас мулк | 08:56 / 29.08.2025
3508
2 дақиқада ўқилади

Малайзия компанияси Ўзбекистонда учта қуруқлик порти қуришни режалаштиряпти

Малайзиянинг “Mutiara Perlis S Bhd”компанияси Андижон вилоятида, Термиз шаҳрида ҳамда Олот туманида қуруқлик портларини қуриш имкониятларини ўрганяпти. Бунда Ўзбекистоннинг Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб минтақалари ўртасидаги транзит салоҳияти инобатга олинади.

Малайзия компанияси Ўзбекистоннинг учта ҳудудида қуруқлик портларини қуриши мумкин. Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев ва “Mutiara Perlis S Bhd”компанияси директорлар кенгаши ижрочи раиси Шабаруддин Ибрахим ўртасида учрашув ўтказилди, дея хабар берди “Дунё”.

Қайд этилишича, учрашувда Андижон вилоятида Ўзбекистон–Қирғизистон чегараси яқинида, Термиз шаҳрида ҳамда Олот туманида қуруқлик портларини қуриш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинган. Мазкур лойиҳани амалга оширишда компания тажрибаси ҳамда Ўзбекистоннинг Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб минтақалари ўртасидаги транзит салоҳияти инобатга олинади.

Шабаруддин Ибрахим Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўлининг аҳамиятидан келиб чиқиб, яқин келажакда Андижонда қуруқлик портини қуриш таклифига жиддий қизиқиш билдирган. Тадбиркор мазкур лойиҳа таклифини ўзбек томони билан ўзаро ҳамкорликда амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилган.

Шунингдек, улар Ўзбекистонни Жануби-Шарқий Осиё минтақаси билан боғлайдиган транспорт йўлакларини такомиллаштириш ва янги транспорт йўналишларини очиш истиқболларига ҳам тўхталган.

Жумладан, Ўзбекистонни Хитой билан боғлайдиган Қашқар–Торуғарт–Макмал–Жалолобод–Андижон йўналишида янги темирйўл қурилиши ва Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғлайдиган Трансафғон халқаро темирйўли лойиҳасининг минтақа ташқи савдо айланмасига ижобий таъсири юзасидан фикр алмашилган.

“Mutiara Perlis S Bhd” 2018 йилда Перлис штатида инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга ихтисослашган компания сифатида давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган. Ҳозирда компания Малайзияда Перлис қуруқлик порти, Перлис денгиз йўли ва Перлис энергетика маркази каби йирик лойиҳаларни амалга оширяпти. 

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид