Маданият вазири Озодбек Назарбеков яна бир бор рекламада кўриниш бераркан, жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлди. Вазирлик вазирнинг рекламасини – “ижтимоий фойдали ахборот” дея таърифлади. Kun.uz билан суҳбатлашган фаолларга кўра, раҳбарларда жазоланиш ҳисси йўқ, чунки оддий фуқарога ишлайдиган қонунлар вазир-у ҳокимларга келганда ишламай қолади.
Маълум бўлишича, Озодбек Назарбеков шу йилнинг апрелида Андижондаги хусусий университетга борган чоғида видеога тушиб, ҳаммага ушбу ОТМни тавсия қилган. Қонунчиликка кўра эса, давлат амалдорининг маълум маҳсулотни халққа тасдиқлаб бериши – мумкин эмас.
Бундан аввал, 2024 йилда Назарбеков эркаклар кийим дўкони рекламасига тушиб, буни ҳам миллий бренд дея мақтаб, ноқонуний чиқиши билан муҳокамаларга сабаб бўлганди. Реклама бозори регулятори бўлган Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги эса вазирда айб йўқлиги айтиб, дўконни жаримага тортганди.
Ўшанда ҳам вазирлик бу реклама эмаслиги, ҳеч қандай моддий манфаат кўзланмаганини айтиб, Назарбековни оқлаганди.
Kun.uz билан суҳбатлашганлар фикрича, раҳбарларнинг жазоланиш ҳисси йўқлиги ва жазоланмасликка бўлган ишончи – қонунсизлик ва ҳуқуқий ҳужжатларнинг ишламаслиги боис ортиб бормоқда.
“Қонунда моддий манфаат, шартнома деган бандлар йўқ. Бу қонунларнинг хор бўлиши, чунки жамиятимизда қонунлар одамига қараб ишлаш темпига ўтган. Назарбековнинг рекламага тушиб, жазо олмаслиги бошқарувдаги кемтикларни яққол кўрсатади”, дейди инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов.
Жамиятшунос Ҳамид Содиқ фикрича, ҳеч бўлмаса юқоридан бирор танқид ёғдирилмагани, жамоатчилик кўзи учун бўлса ҳам вазирнинг жазоланмагани бу кейсда энг эътибор қаратилиши керак бўлган нуқта.
“Агарда оммавий қонунлар ишламаса ҳам сиёсий режим мустаҳкам турган бўлса – бу ерда бошқа қонунлар ишлайди. Ўзбекистонда илдизи бюрократияга бориб тақалмайдиган ягона вазир – Озодбек Назарбеков. У шоу-бизнесдан чиққан ва Маданият вазирлиги давлат сиёсатини реклама қилувчи асосий ташкилот экани боис қайси реклама тижорий, қайсиниси сиёсий эканини ажрата олмайди. Шунинг учун ҳам у бундай ҳолатларга дуч келаверади”, дейди Ҳамид Содиқ.
Этнопсихолог Маҳмуд Йўлдошевга кўра, вазир ушбу масала кенг муҳокама бўлганидан кейин ўзи шахсан чиқиб бунга муносабат билдириши керак эди.














