
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим 24 октябр куни Брюсселда имзоланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Европа Кенгаши президенти Антониу Кошта Ўзбекистон президентига мустақиллик байрами муносабати билан йўллаган табригида айтиб ўтди.
“Сиз билан 2025 йил 24 октябр куни Брюсселда бўлиб ўтадиган учрашувни интиқлик билан кутаман, у ерда Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши муносабати билан фикр алмашишни давом эттириш имконига эга бўламиз”, – дейилади ЕК раҳбарининг табрикномасида.
Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида амалдаги битим 1996 йилда имзоланган ва 1999 йилда кучга кирган. У асосан сиёсий мулоқот, демократия, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик, маданий алоқаларни илгари суриш, молиявий ва техник ҳамкорлик, инвестициялар, товар ва хизматлар савдоси, шунингдек интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш борасидаги қоидаларни ўз ичига олади. Келишув ҳадли характерга эга бўлиб, унинг кўплаб бандлари муайян масалалар бўйича икки томонлама келишувлар доирасида аниқлик киритишни тақозо қилади.
2017 йил июлида Ўзбекистон томони ЕИга янги ҳамкорлик келишувини тузиш таклифини берди. Музокаралар 2019 йил февралида бошланиб, 10 раунд давом этди ва 2022 йил июнида якунланди. 2022 йил июлида битим парафирланди.
Янги келишув савдо ва унга тегишли масалалар, шу жумладан божхона маъмурчилиги, техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария чоралари, рақобат ва давлат корхоналарининг фаолияти, давлат харидлари, низоларни ҳал қилиш масалаларини қамраб олади.
Бундан ташқари, у Жаҳон савдо ташкилотининг асосий қоидаларини ўз ичига олгани натижасида инвестициявий шериклик, товарлар, хизматлар ва интеллектуал мулк савдоси соҳаларидаги муносабатлар доираси сезиларли даражада кенгайтирилади.









