Бразилия меҳнат суди Германиянинг Volkswagen (VW) автомобил концернини жамоавий маънавий зарар учун товон пули сифатида 165 миллион реал (тахминан 26 миллион евро) тўлашга мажбур қилди, деб хабар бермоқда маҳаллий ОАВ.
Бунга 1974 йилдан 1986 йилгача Бразилиянинг Пара штатидаги Volkswagen шуъба корхонасига тегишли бўлган чорвачилик фермасида камида 15 киши қулликка ўхшаш ғайриинсоний муносабатга учрагани ҳақидаги айбловлар сабаб бўлган, деб ёзади KNA агентлиги.
Тергов маълумотларига кўра, фермер хўжалигига ўрмонларни тозалаш ва яйловлар яратиш учун ноқонуний шартномалар асосида 300 га яқин киши ёлланган. Улар тўйиб овқатланмаган, қарз қуллигига дучор бўлган ва қуролли соқчилар томонидан қўриқланадиган фермадан чиқа олмаган. Прокуратуранинг таъкидлашича, ҳатто фермада безгак билан касалланганларга ҳам тиббий ёрдам кўрсатилмаган.
Ушбу ҳолатлар бўйича тергов фақат 2019 йилда, йиллар давомида далиллар тўплаган маҳаллий руҳоний прокуратурага мурожаат қилгандан сўнг бошланган. Расмий айбловлар 2024 йилда тақдим этилган. «Ушбу ҳаракатлар Бразилия тарихидаги замонавий қулликнинг энг йирик ҳолатларидан биридир», — дейилади маҳаллий прокуратура баёнотида.
















