Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Қизилтепа қишлоғидаги 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 13 нафар тарбияланувчи шу йил 22 август куни овқатдан заҳарланиб, шифохонага ётқизилган. Айни пайтда муассаса ишламаяпти. Бу туманда боғча тарбияланувчиларининг овқатдан оммавий заҳарланиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас.

Шу йил 22 август куни Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Қизилтепа қишлоғидаги 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 13 нафар тарбияланувчи овқатдан заҳарланиб, шифохонага ётқизилган.

Туманда боғча тарбияланувчиларининг овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолати биринчи маротаба эмас, 2022 йилда ҳам 39-мактабгача таълим ташкилотида 42 нафар бола овқатдан заҳарланиб, юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган эди.

“Ўғлимнинг икки марта ичи ўтди. Қўрқиб кетиб, шифохонага олиб бордик. Нимадан заҳарланганини айтишмади. Диарея дейишди. Шифохонада беш кун ётдик. Боғча ёпиб қўйилганига 15 кунча бўлди. Болаларимизга қарайдиган одам йўқ. Сарсон бўлиб юришибди энди”, дейди фарзанди овқатдан заҳарланган Ҳаётхон Турсунова.

Ҳаётхон Турсунова

“Икки фарзандим шу боғчада тарбияланади. 22 август куни ўғлим 38,5 иситма билан уй келди. Ундан кейин қизимда ҳам иситма чиқди. Эртаси куни эса ўғлимнинг ичи кетишни бошлади. Кечгача ичи ўтди. Уйда дори-дармон қилдим. Шанбадан якшанбага ўтар кечаси ўғлимнинг ичи тўхтамай, қайт қилди, эплай олмай қолдик уйда. Шифохонага борсак, ётишларинг шарт, деб олиб қолишди. Тўрт кун тўлиқ ётиб даволандик. Қизимда ҳам иситма тушмади, уни ҳам ётқизиб даволатишга мажбур бўлдик”, дейди Умида Тешабоева.