Армани модани қулай ва нафис услубда таклиф қилгани билан ажралиб турди: у кийинишда ортиқча жўшқинлик ва беҳуда безаклардан четлашиб, “камтарликдаги нафислик” тамойилини барпо этди. Жоржо мода саноатида ўзига хос дунёқараш яратиб, миллиардлаб долларлик мода империясини бунёд этгани ортидан тарихда қолди.
У 1934 йил 11 июлда Италиянинг Пяченца шаҳрида туғилган. Армани ёшлигида шифокор бўлишни орзу қилганди ва бир муддат Милан университетининг тиббиёт факультетида ҳам таълим олган. Бироқ 1950 йилларнинг ўрталарида у Милан марказидаги машҳур “La Rinassente” дўконида дераза безакчиси (window dresser) бўлиб ишлади. Бу оддий иш орқали Армани кийим-кечак дунёсини яқиндан ўргана бошлади ва мода дизайни йўлига қадам қўйди. Тез орада у Нино Черрути устозлигида дизайн сир-асрорини ўргана бошлади.
1970 йиллар бошидан Армани карераси тез суръатлар билан ўсиб борди. 1975 йилда у дўсти Сержо Галеотти билан биргаликда ўз номидаги тайёр кийимлар брендини — Armani компаниясини — ишга туширди. Дастлаб у эркаклар учун либослар чизган бўлса-да, 1976 йилда аёллар кийимлари ҳам компания коллекциясига қўшилди. Бир неча йил ичида унинг дизайнлари Париж ва Ню-Йорк каби мода марказларида намойиш этила бошлади. Бу бренд тез орада халқаро майдонда тан олиниб, Армани ўз услуби билан мода оламига янги йўналиш олиб кирган дизайнер сифатида эътироф этилди.

Арманининг модадаги услуби бўйича инқилобий янгиликлардан бири унинг енгсиз спорт курткалари бўлди. 1970 йиллар охирида у махсус ички тикилмаган, жуда нозик спорт курткаларини яратди ва бу юқори мартабали одамлар орасида катта эътибор қозонди. Шунингдек, у оддий футболка билан биргаликда кийиниладиган содда ва қулай моделни илгари сурди. Эркаклар учун анъанавий костюмларга эса янги нафас киритилди: жуда юмшоқ ва енгиллиги билан ажралиб турадиган костюмлар яратилди.

Аёллар учун эса Армани “ишбилармонлик костюми” — кенг елкали блузка ва эркакларникига ўхшаш кенг шим, юбкаларни илгари сурди. Бу ўзига хос услуб 1980 йиллар корпоратив маданияти рамзига айланди.
Мода оламидаги ўзига хос мавқе топган Армани кинофильм саноатига ҳам катта ҳисса қўшган. 1980 йилда чиққан “American Gigolo” фильмидаги Ричар Гере костюмлари Армани номини бутун дунёга танитди. Бу фильм орқали Armani кийимлари Hollywood юлдузлари, жумладан Ричар Гере ва Жоди Фостер каби актёрлар орасида машҳурликка эришди. 2000 йилда Ню-Йоркдаги Гуггенҳеим музейи Арманининг мода таъсирини қадрлаб, унинг яратилган дизайнлари ретроспектив кўргазмасини тақдим этди. Армани ўз услуби ҳақидаги фикрларидан бирида: “Мен вақт ўтиб эскирмайдиган нарсаларни севаман, энг яхши намуналарига меҳрим бор”, деб таъкидлаган эди.















