АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳиндистон билан савдо келишуви вариантларидан бирини, бу мамлакат Россия нефтини харид қилишни қисқартириш мажбуриятини олмагунча маъқуллашдан бош тортди. Бу ҳақда The Washington Post (WP) мунозаралардан хабардор уч манбага таяниб хабар берди.
Нашр сўровига жавобан Оқ уй расмий вакили ўринбосари Анна Келли Трамп ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ўртасидаги «ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлар»га ишора қилди. «АҚШ ва Ҳиндистон жамоалари стратегик ҳамкорлигимизнинг барча дипломатик, мудофаа ва савдо устувор йўналишлари бўйича яқин алоқада», — дея таъкидлади у. Давлат департаменти, ўз навбатида, АҚШнинг савдо масалалари бўйича хавотирларини йўқотиш учун «Ҳиндистон кўпроқ ҳаракат қилиши» кераклигини таъкидлади.
WP эслатишича, Трамп ўзининг Truth Social платформасида Ҳиндистон нефт ва ҳарбий маҳсулотларнинг катта қисмини Россиядан ва фақат кичик улушини АҚШдан сотиб олишини ёзган. Шу билан бирга, Ню-Деҳли расмийлари савдо божларини нолга туширишни таклиф қилмоқда, «лекин энди кеч», дея қўшимча қилди у ва Ҳиндистон билан иқтисодий муносабатларни «бутунлай бир томонлама фалокат» деб атади.

















