“Work and travel” шаклида АҚШга ишга жўнатишни ваъда қилган “American Adventure” фирмаси вакиллари фирибгарликда айбланмоқда. Шартнома шартлари бажарилмаган, кўплаб ҳолатларда пуллар қайтариб берилмаган. Мижозлар Америкадаги “иш берувчи” томонидан суҳбатдан ўтказилган бўлиб, жабрланувчилардан бири бу суҳбатлар спектакл бўлган бўлиши мумкинлигини айтди.
Тошкентда хорижга ишга юбориш билан боғлиқ фирибгарликда айбланаётган “American Adventure” турфирмаси вакиллари устидан суд бошланди. Иш ЖИБ Юнусобод туман судида судя Умидбек Мусаев раислигида кўрилмоқда.
Судланувчилар – фирма раҳбари Азимжон Нажмиддинов ва фирмада норасмий ишлагани айтилаётган Бекзод Маҳмудов. Аммо судда Маҳмудов йўқ – жабрланувчилардан бири уни чет элга қочиб кетган деб ҳисоблайди.
“American Adventure” иши олдинроқ Kun.uz'да ёритилган эди. Ўшанда бир нечта фуқаро фирмага қандай алдангани ва пуллари қайтарилмаётгани ҳақида сўзлаб берганди.
4 сентябрдаги суд мажлисида 10 га яқин жабрланувчи кўрсатма берди.
Фирманинг мижозлари олдидаги ваъдалари – “work and travel”дастури доирасида АҚШга жўнатиш, иш билан таъминлаш, элчихонага суҳбатга навбат олиш, тиббий суғурта қилиш ва бошқа қулайликлар бўлган.
Одамлар фирма хизматлари учун 3 400 долларгача тўлаган. Элчихона суҳбат чоғида фуқарога виза беришни рад этса, “American Adventure” суҳбатга киритганлик учун тўланган пул маблағидан 500 долларгача ушлаб қолган. Қолганларини қайтариб бериши керак бўлган, лекин шартнома шартлари бажарилмаган.
Жабрланувчилар шартнома тузиш, пул олди-бердисида асосан Афзал исмли шахс билан мулоқотда бўлишганини айтишди.
“2023 йилнинг январ ойида ўртоғим “American Adventure”нинг “work and travel”дастурини маслаҳат берди. Кейин офисини топдим, Афзал ака: “Тўлов суммаси 3 400 доллар, бирданига тўласангиз 500 доллар чегирма” деди. 1 феврал куни келиб, 2900 доллар тўловини қилдим. Бу тўловга элчихонага киришгача бўлган барча ҳужжатларимизни қилиб берамиз, дейишди. Агар ўша айтилган нарса қилинмаса, шартнома бўйича 2023 йил охиригача пул қайтариб берилиши керак эди. Кейин 2023 йилнинг март ойида иш бўйича ариза топширдим. Май ойида ишдан таклиф келди. 2 ҳафтадан кейин Афзал ака “отказ” бўлди, деган жавоб берди.






