Жамият | 14:53 / 10.09.2025
1614
2 дақиқада ўқилади

Малайзияда мураккаб аҳволга тушиб қолган икки фуқаро Ўзбекистонга олиб келинади

Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Малайзияда депортация марказида сақланаётган ва мураккаб аҳволга тушиб қолган икки нафар ватандош юртга қайтарилади.

Фото: "Дунё" АА

Ушбу инсонпарварлик кўмаги мамлакатда эълон қилинган "Ватанга қайтариш" акцияси доирасида амалга ошириляпти.

Ўзбекистон элчихонаси ходимлари Малайзия Ички ишлар вазирлиги Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш маркази раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Унда депортация марказидаги Фарғона вилоятида туғилган ватандош М.Ю.ни тез кунларда Ўзбекистонга қайтариш бўйича келишувга эришилган.

Унинг паспорти йўқлиги сабабли унга элчихона томонидан ватанга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштириб берилди ва унинг яқинлари кўмагида "Куала-Лумпур – Тошкент" йўналиши бўйича авиарейсга авиачипта харид қилинди.

Шунингдек, "Ватанга қайтариш" акцияси доирасида Куала-Лумпур шаҳрида мураккаб вазиятда қолиб кетган Самарқанд вилоятида туғилган фуқаро Ж.М.га ҳам кўмак берилди.

Дипломатик ваколатхона Ж.М.га Малайзия ИИВ Миграция департаменти томонидан мамлакатни тарк этиш учун махсус рухсатнома олишда амалий ёрдам кўрсатди.

Куала-Лумпурдаги ватандошлар тез кунларда Ўзбекистонга, яъни ўз оилалари бағрига қайтарилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид