Норвегиядан 11:1, Франция ва Португалияда камбэк. Кун ўйинлари
|17:01 / 10.09.202513 98813 мин
Ҳоланд пента-трикка эришди, Роналду навбатдаги голини урди ва рекорд ўрнатди, Англия сафарда асосий рақибини аямади. ЖЧ-2026 саралаши доирасида Европада сешанба оқшомида ўтказилган ўйинлар ва гуруҳлардаги вазият.
Женнаро Гаттузо бошқарувидаги Италия иккинчи ўрин учун Исроил билан кураш олиб бораётган маҳалда, Норвегия ўз орзуси томон шахдам қадам ташламоқда. Скандинавларнинг навбатдаги қурбони бебахт молдованлар бўлишди. Ўз-ўзидан асосий диққат марказида Эрлинг Ҳоланд бўлди. «Манчестер Сити» шу куни истаганича кўнгилхушлик қилди, аввалига Феликс Хорн Мюрени бўш дарвоза қаршисига чиқарди, кейин Эдегор ёрдамида биринчи бўлимнинг ўзида учта гол урди, танаффусдан кейин эса пента-трикни нишонлади. Унинг терма жамоада урган голлари сони ўтказган ўйинлари сонидан ошиб кетди – 45 ўйинда 48 гол.
Шу куни у янада кўпроқ гол уриши мумкин эди, аммо пеналти тепиш ҳуқуқини захирадан майдонга тушган яримҳимоячи Осгорга қолдирди, ушбу футболчи эса 24 дақиқа ичида покер муаллифига айланди. Шу куни молдованлар бирорта ҳам гол уришмади, улар учун ҳам мезбонлар ҳимоячиси Эстигор уриб берди. Якунда 11:1 ҳисоби қайд этилди, бу қандайдир сюрреализм. Норвегия 5 ўйинда 5 ғалаба билан гуруҳ жадвалини бошқаришда давом этмоқда (тўплар нисбати 24-3).
11 октябр. Норвегия — Исроил, Эстония — Италия.
14 октябр. Эстония — Молдова, Италия — Исроил.
Англия терма жамоаси ҳозирча Томас Тухел бошқарувида саралаш босқичини идеал ўтказмоқда – беш ўйинда беш ғалаба. Бу сафар гуруҳдаги энг яқин таъқибчи серблар сафарда тор-мор этилди. Бурчак зарбаси ижро этилганида Ҳарри Кейн қўриқланмади – биринчи гол қабул қилиб олинди. Тезкор Нони Мадуэке қўйиб юборилди – иккинчи тўп дарвозадан олиб чиқилди. Инглизлар бир неча дақиқа ичида ўйинни ҳал қилишди.
Иккинчи бўлим бошида Эзри Конса мезбонларни узил-кесил таслим этди, Гордоннинг олис масофадан йўллаган зарбасидан кейин меҳмонларнинг бирданига бир неча футболчисида тўпни дарвозага киритиб юбориш имконияти юзага келди ва марказий ҳимоячи барчадан илдамроқ ҳаракат қилди. У ҳам худди Мадуэке каби миллий жамоадаги илк голини нишонлади, кейин эса уларга яна бир ҳимоячи Геҳи қўшилди. Бу орада Никола Миленкович Кейнга ишлатган қўполлиги учун майдондан четлатилди. Якуний ҳисобни ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда пеналтини аниқ ижро этган Маркус Рэшфорд ўрнатди – 0:5. Англия бу циклда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишда давом этмоқда (тўплар нисбати 13:0), Драган Стойкович шогирдлари эса иккинчи ўринни ҳам Албанияга бой бериб қўйди.
Куннинг энг зерикарли ўйини албанлар ғалабаси билан якунланди. Ўйиндаги ягона гол Италия А Сериясида ўйнаётган Кристян Аслани томонидан урилди. У биринчи бўлим ўрталарида пеналтини аниқ ижро этди ва бу ғалаба учун етарли бўлди. Албания гуруҳда иккинчи ўринда. Ҳозирча Сербиядан юқорида, аммо серблар битта камроқ ўйин ўтказишган.
Будапештдаги ўйиндан олдин ижтимоий тармоқларда 2009 йилда олинган фото вирусдек тарқалди, Венгрия ва Португалиянинг ЖЧ-2010 саралаши доирасидаги ўзаро ўйинида футболчиларга ҳамроҳлик қилиб майдонга чиққан болалар акс этган суратда улардан бири Собослаи экани маълум бўлганди.
Ўшанда, табиийки, Криштиану Роналду ҳам таркибда бўлган, унинг Андре Силвага паси меҳмонларга ғалаба келтирганди. Ўн олти йил ўтиб Собослаи энди венгрлар жамоаси сардори сифатида португалиялик юлдузга рақиб бўлиб майдонга чиқди ҳамда у ва жамоасига максимал муаммо туғдиришга ҳаракат қилди. Айнан «Ливерпул» яримҳимоячиси Варганинг биринчи голи урилган ҳужумни бошлаб берди.
Воқеаларнинг бундай ривожини кўпчилик кутмаганди, қолаверса, мезбонлар дарвозасидаги Балаж Тот Роналдунинг яқин масофадан йўллаган кучли зарбасини ақлбовар қилмас сэйв ижро этиб қайтарди, аммо у барибир сеҳргар эмас. Биринчи бўлимнинг ўзида Бернарду Силва ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи бўлимда эса Криштиану барибир ўз мақсадига эришди. У бурчакдан оширилган тўпга берган зарбадан кейин Него тўпни қўли билан ўйнади, белгиланган пеналтини унинг ўзи аниқ ижро этди. Бу 40 ёшли футболчининг карьерасидаги 943-голга айланди.
Аммо кечанинг асосий драмаси ҳали олдинда эди. Него хатосини тузатди ва Варганинг дублига кўмаклашди, аммо Собослаининг хатоси Жоау Канселу ғалаба голини уриши билан якунланди. Бу вақтда Криштиану ўйинни рекордчи сифатида захира ўриндиғида ўтириб кузатаётганди — энди у 39 гол билан саралаш турнирлари рекордчиси, гватемалалик Карлос Руисга етиб олди.
Арманистон миллий жамоаси ЖЧ-2026 саралашидаги илк ғалабасига эришди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Эдуард Сперцян пеналтини аниқ ижро этиб ҳисобни очди, иккинчи бўлим бошида эса у бошлаб берган ҳужумда иккинчи гол урилди. Эдуард Тикнизянни тўп билан таъминлади, унинг жарима майдонига узатмасидан кейин Грант-Леон Ранос ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Эван Фергюсон тезда жавоб голини урди, аммо ирландларнинг бундан ортиғига кучи етмади, ўйин охирида эса ҳакам Арманистоннинг учинчи голини офсайд ҳолати туфайли бекор қилди.
Жароҳат туфайли Дембеле ва Дуэдан айрилган Франция XXI асрдаги 200-ғалабасига эришди, аммо бу ғалабага осонлик билан эришилмади. Одатда рақиб дарвозаси атрофида магиясини ишга соладиган Олисе ўз жамоаси жарима майдони ичида қўпол хатога йўл қўйди ва ҳисобни очган Андри Гудйонсенни тўп билан таъминлади.
Бунгача эса «учранглилар» ҳарчанд уринса ҳам Олафссон қўриқлаётган дарвозага гол ура олмаётганди. Аввалига Тюрам яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади, кейин унинг яқин масофадан бошда йўллаган зарбасини ҳам, қайтган тўпга Коне йўллаган зарбани ҳам исландиялик посбон қайтариб қолди. Французлар ҳисобни фақат пеналти ёрдамида тенглаштиришди, Мбаппе нуқтадан аниқ зарба бериб, терма жамоадаги голлари сонини 52 тага етказиб олди ва терма жамоанинг энг яхши тўпурарлари рўйхатида Тиерри Анридан ўзиб кетди. Оливе Жирунинг рекордигача яна бешта аниқ зарба қолди.
Шу куни 27-бор терма жамоани сардор сифатида майдонга бошлаб тушган (Зиданнинг бутун карерасида шунча сардорликдаги ўйин бўлган) Килиан ўйин қаҳрамонига айланди. У иккинчи бўлимда ҳимоячилардан қочиб кетди ва ўзи ҳам зарба бериши мумкин бўлган ҳолатда янада қулайроқ позицияда очилган Барколяни тўп билан таъминлади. Исландия эса сочилиб кетмади ва фаворитни қийнашда давом этди.
Қолаверса, Франция Тшуаменининг майдон марказидаги қўпол подкатидан кейин бир киши кам бўлиб қолди. Кейин эса мезбонлар гол ҳам ўтказиб юборди, аммо видеотакрордан кейин Гудйонсен Конатега фол ишлатгани маълум бўлди.
Франция бор гуруҳда қолганлар иккинчи ўрин (ва ўтиш ўйинларига ўтиш имкониятига эга бўлиш) учун курашишади. Гуруҳда қолган уч жамоада ҳам имконият тенг кўринмоқда, Фернанду Сантушнинг истеъфосидан кейин Озарбойжон жамоаси ҳам жонланди. Ёшлар жамоасида ишлаб келган Айхан Аббасов бошқарувида кавказликлар Украинадан очко олишди. Сергей Ребров шогирдлари эса биринчи турда бетараф майдонда французларга ютқазганди (0:2), энди Бокуда бир очко билан кифояланишга мажбур бўлишди.
10 октябр. Франция – Озарбойжон, Исландия – Украина
13 октябр. Исландия – Франция, Украина – Озарбойжон.
H гуруҳи етакчилари тўқнашувида Австрия футболчилари ўз мухлисларини хурсанд қилишди. Биринчи бўлимда гол урилмади. Австрия бош мураббийи Ралф Рангник танаффусда велосипедда майдонни сайр қилиши — ўйиннинг шу вақтгача бўлган қисмидаги энг қизиқ воқеа бўлди.
Танаффусдан кейин эса ўйин қувноқроқ тус олди. Аввалига Марсел Забитцер меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди, аммо 39 ёшли Джеко кўп ўтмай мувозанатни тиклади. Аммо якунда австрияликлар барибир асосий рақиб майдонидан уч очко билан қайтадиган бўлишди — Конрад Лаймер ғалаба голи муаллифи. Энди Рангник шогирдлари захирада бир ўйин бор ҳолда гуруҳ жадвалида боснияликларга етиб олишди.
Биринчи бўлимда руминлар икки марта гол урганида кипрликлар майдонга мақсадсиз тушишгандек эди. Денис Дрэгуш дубл қайд этди, унинг жамоаси аъло кайфиятда эди. Бироқ мезбонлар ўзига келишди. Биринчи бўлимда битта жавоб қайтарилди, иккинчи бўлимда эса кейин Харалампос Харалампус Кипрни мағлубиятдан қутқариб қолди. Руминия муҳим очколарни бой берди ва плей-оффга чиқиш имкониятларини сезиларли даражада камайтирди.