Ҳамас вакиллари зарба пайтида гуруҳнинг бутун раҳбарияти йиғилишда бўлганини тасдиқлади. Улар ҳаракат етакчилари омон қолганини айтишди.

Исроил нашрларига кўра, зарба оқибатида олти киши, жумладан, Ҳамаснинг Ғазодаги етакчиси Халил ал-Ҳайянинг ўғли Ҳумам ал-Ҳайя ҳалок бўлган.

Душанба куни Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац агар гаровга олинганлар озод этилмаса ва гуруҳ аъзолари қуролларини ташламаса, Ҳамаснинг хорижда яшовчи етакчилари «йўқ қилиниши» ва Ғазо вайрон бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

Исроилнинг юқори мартабали амалдорининг Исроил оммавий ахборот воситаларига айтишича, Исроил ҳужумининг нишонларидан бири гуруҳнинг бош музокарачиси ва сиёсий бюро раҳбари ўринбосари Халил ал-Ҳайя бўлган.

Ҳамаснинг беш кишидан иборат бошқарув кенгашига Халил ал-Ҳайядан ташқари, гуруҳ сиёсий бюроси раиси вазифасини бажарувчи Холид Машаал, ташкилотнинг Ғарбий соҳилдаги раҳбари Зоҳир Жабарин, Ҳамас Шўроси (кенгаши) раҳбари Муҳаммад Исмоил Дарвеш киради. Йиғилишнинг бешинчи иштирокчисининг исми ҳозирча номаълум. Дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг барчаси омон қолган.

ЦАҲАЛ нишонидагилар ҳақида нималар маълум?

Қизил билан белгиланганларнинг ўлими тасдиқланган, сариқда белгиланганларнинг тақдири номаълум

Халил ал-Ҳайя (2024 йилдан Ҳамас сиёсий бюроси раҳбари ўринбосари)

Халил ал-Ҳайя (олдинда) 2022 йилда Дамашқдаги музокараларда

Халил ал-Ҳайя ўтган йилда Исмоил Ҳания ва Яҳё Синвар ўлдирилганидан кейин Ҳамас раҳбариятида муҳим фигуралардан бирига айланганди.

У Ҳания Теҳронда Исроил ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлганида ҳам унинг ёнида бўлган.

Сўнгги вақтларда ал-Ҳайя қувғиндаги Ғазо раҳбарияти раҳбари ва Ҳамаснинг бош музокарачиси вазифасини бажариб келган ҳамда халқаро майдонда гуруҳнинг энг нуфузли шахси сифатида кўрилган.