Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев халққа мурожаатида тўсатдан баъзи аёлларнинг шовқин-сурон кўтариб, беҳаёлик қилиши ҳақида гапирди. Ва қозоғистонликларни у айнан кимни назарда тутгани ва нима учун ўз нутқида бу ҳақда гапиргани ҳақида баҳслашишга мажбур қилди.
«Тан олиш керак, - деди Тўқаев, - ҳозир қўполлик, сўкиниш, жанжаллар одатий ҳолга айланган, уларни кўпинча ҳатто жамоат жойларида, йўлларда ҳам кузатиш мумкин. Айниқса, аёлларнинг одамлар кўз ўнгида жанжал кўтариши, беҳаё сўзларни айтиши, уятсиз-бузуқ ишларни қилиши кишини ранжитади. Маданий, цивилизациялашган жамиятда бундай ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмайди, улар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрўсига путур етказади».
Президент фуқароларни илғор миллат бўлиш учун «бундай салбий хулқ-атвор намуналаридан» халос бўлишга чақирди.
Давлат раҳбарининг баёноти ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида кенг муҳокама ва баҳсларни келтириб чиқарди.
Кейинчалик Оқўрда стенограммадаги таржимага тузатиш киритди (бу сўзлар қозоқ тилида эди), аммо у аввалгидан ҳам ёмонроқ чиқди.
«Тан олиш керак, - деди Тўқаев тузатилган вариантда, - ҳозир қўполлик, сўкиниш, жанжаллар одатий ҳолга айланган, уларни кўпинча ҳатто жамоат жойларида, йўлларда ҳам кузатиш мумкин. Афсуски, улар орасида жанжал кўтараётган, беҳаё сўзларни ишлатаётган, жамоат тартибини бузаётган аёллар ҳам бор. Маданий, цивилизациялашган жамиятда бундай ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмайди, улар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрўсига путур етказади».
Президентнинг бу сўзлари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларни келтириб чиқарди. Айниқса, бу сўзлардан ранжиган аёлларни тўхтатиб бўлмасди. Қозоғистонликлар президентни қайси аёллар ранжитгани ҳақида баҳслашишни бошлади.
Баъзилар Тўқаевни «мизогиния»да [аёлларга нисбатан нафрат], шунингдек, ўтган йили оилавий зўравонлик учун жазони кучайтирган «Салтанат қонуни» ва Жиноят кодексига қайтган келин ўғирлаш моддасини, сталкинг [аёлларни ноқонуний таъқиб қилиш] учун жазони бир зумда унутиб қўйганликда айблади.
Бошқалар кўпчилик ҳолатларда айнан эркаклар зўравонлик қилаётганини, аммо якунда барибир «урушвоз аёллар» айбланишини, балки аёллар ўз ҳуқуқларини бошқачасига ҳимоя қилишга ожиз бўлгани учун «урушвоз бўлишга мажбур» бўлаётганини таъкидлади.







