Жаҳон | 07:20 / 11.09.2025
2499
2 дақиқада ўқилади

Европада Беларус жосуслик тармоғи фош этилди

Чехия, Руминия ва Венгрия махсус хизматлари томонидан Европада фаолият юритувчи жосуслик тармоғи фош қилинди. Беларуснинг Прагадаги элчихонаси ходими персона нон грата деб эълон қилинди.

Фото: AP

Чехия махсус хизматлари Руминия ва Венгрия махсус хизматлари билан ҳамкорликда Европада фаолият юритаётган Беларус жосуслик тармоғини аниқлади ва йўқ қилди, деб хабар берди Чехия хавфсизлик ва ахборот хизмати (BIS).

Прагада Чехия махсус хизматлари «дипломатик ниқоб остида ишлайдиган разведка ходими» деб атаган Беларус элчихонаси ходими персона нон грата деб эълон қилинди, Руминияда эса Молдова махсус хизматларининг Минскда ишлаган собиқ юқори мартабали амалдори ҳибсга олинди, дея хабар беради ОАВ.

BIS ҳисоботига кўра, Европадаги разведка тармоғи Беларус Давлат хавфсизлик қўмитаси томонидан яратилган бўлиб, у агентлар тармоғини яратиш ва разведка маълумотларини йиғишга интилган. Чехия ташқи ишлар вазири Ян Липавский Х ижтимоий тармоғида шундай деб ёзди: «BIS ва чех дипломатиясига жосуслик билан шуғулланган Беларус агентларини фош қилгани ва жазолагани учун миннатдорчилик билдираман. Биз агентларнинг мамлакатимизда кезиб юришига йўл қўймаймиз ва Чехияни ҳимоя қиламиз». 72 соат ичида Чехияни тарк этишга буйруқ берилган дипломатнинг исми ошкор этилмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид