Жамият | 12:22 / 12.09.2025
9646
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда яна бир автосалон ўнлаб мижозларини чув туширгани маълум бўлди

“Premier Motors Auto” МЧЖ таъсисчиларидан бири, менежери ва ишчилари фирибгарликда гумонланяпти. Автосалон менежери 20 га яқин ҳолатда машина олиб бериш ёки сотиб олиш ваъдаси билан фуқароларни алдагани ҳамда тўланган миллиардлаб сўм пулларни ўз эҳтиёжига ишлатиб юборгани айтилмоқда. Олиб берилиши айтилган машиналар орасида қимматбаҳо автомобиллар ҳам бор.

Тошкент шаҳридаги “Premier Motors Auto” МЧЖ вакилларига нисбатан жиноят иш қўзғатилди. 2022 йил 5 сентябрда давлат рўйхатидан ўтказилган МЧЖда менежер сифатида ишлаган Д.И. жуда кўп миқдорда фирибгарлик жиноятини содир қилганликда гумонланмоқда.

Kun.uz танишган айблов хулосасида келтирилишича, Д.И. МЧЖ таъсисчиларидан бири Ш.Р. ва жамият ишчилари билан бир гуруҳ бўлиб, 20 га яқин ҳолатда машина олиб бериш ёки машинасини сотиб олиш ваъдаси билан фуқароларни алдаган. Тўланган пул маблағларини эса шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Жумладан, у Сергели тумани Қумариқ кўчасида жойлашган “Premier Motors Auto” автосалонида фуқаро В.А.нинг ишончига кириб, унинг Cobalt машинасини 10 200 долларга сотиб олишга, пулини қисқа муддатда беришга келишган. Сўнгра қўлга киритилган машинани бошқа шахсга сотиб, пулини ўз эҳтиёжларига сарфлаган.

Д.И. шу каби фуқаро А.Б.нинг 375 млн сўмга савдолашилган Malibu, И.М.нинг 72 500 долларга савдолашилган Lixiang L9, А.М.нинг 47 минг долларга савдолашилган BMW I3, У.Х.нинг 13 минг долларга савдолашилган Cobalt, И.Ю.нинг 12 минг долларга савдолашилган Gentra машинасини бошқа шахсларга сотиб юбориб, пулини шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Шунингдек, Д.И. ўзини МЧЖ раҳбари сифатида таништириб, фуқаро С.М.га Equinox олиб беришни ваъда қилган ва 44 млн сўм пулини олиб, у билан шартнома имзолаган. Судга оид хатшунослик экспертизаси мазкур шартномадаги имзо МЧЖ раҳбари Ш.Р.га тегишли эмаслиги, балки Д.И. томонидан бажарилгани ҳақида хулоса берган. Д.И. ваъдасини бажармаган, 44 млн сўм пулни эса шахсий эҳтиёжларига сарфлаган.

Шу каби Ф.Х.га Onix олиб бераман деб 88 млн сўм, Ф.Й.га BMW I3 олиб бераман деб 400 млн сўм, Г.Х.га Lixiang L9 олиб бераман деб 68 500 доллар, Ш.А.га Equinox олиб бераман деб 231 млн сўм, Б.Қ.га Traverse олиб бераман деб 28 300 доллар, С.С.га Lixiang L9 олиб бераман деб 67 минг доллар, Т.П.га Equinox олиб бераман деб 369 млн сўм, Р.Хга Equinox олиб бераман деб 235 млн сўм, Н.Н.га Equinox олиб бераман деб 229 млн сўм, Ж.С.га 3 дона Malibu-2 машинасини олиб бераман деб 669 млн сўм, М.М.га Equinox олиб бераман деб 447 млн сўм, М.Д.га Malibu-2 машинасини олиб бераман деб 219 млн сўм, С.Т.га Lixiang L9 олиб бераман деб 390 млн сўм пул маблағларини олган. Бироқ ваъдасини бажармаган, пулларни эса ўз эҳтиёжига ишлатиб юборган.

32 ёшли Д.И. Жиноят кодексининг 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “а, б” бандлари, 228-моддаси 3-қисми ва 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан айбланмоқда.

Жиноят ишининг “Premier Motors Auto” МЧЖ таъсисчиларидан бири Ш.Р. ва жамиятнинг бир нечта ишчиларга оид қисми ажратилиб, алоҳида иш юритувига олинган.

Kun.uz олдинроқ одамларга фоизсиз бўлиб тўлаш шарти билан қимматбаҳо электромобилларни ваъда қилган “Global avto kredit” МЧЖ фаолиятини шубҳа остига олганди. Ундан аввал эса «Pr premier-avto» МЧЖ раҳбарига суд ҳукми ўқилганди.

Мавзуга оид