Қатардаги саммит мусулмон дунёсининг бирдамлигини намойиш этди, аммо бу жараён битта саволни кун тартибига олиб чиқди: мусулмон давлатлари НАТОга ўхшаш ҳарбий иттифоқ тузиши мумкинми? Покистон ядровий салоҳияти, Туркиянинг дрон технологиялари ва бошқа қудратларни бирлаштириш назарий жиҳатдан кучли блокни яратиши мумкин. Хўш, бу амалга ошадими? “Геосиёсат”да сиёсатшунослар Доҳада Исроил ҳужумлари қораланган саммит ҳамда ислом дунёсининг “НАТО”си мавзуларини муҳокама қилди.
Доҳадаги араб-ислом саммити қандай ўтди?
Бектош Бердиев: Қатардаги саммит араб ва мусулмон мамлакатлари учун муҳим воқеа сифатида кўзга ташланди. Бу йиғилиш ўлчами ва нуфуз жиҳатидан алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, унда Исроилнинг ҳужуми қатъий қораланди. Воқеалар занжири ва тез ташкил этилиши шуни кўрсатадики, мусулмон дунёси муҳим масалаларни муҳокама қилиш учун тезда бирлашиш қобилиятига эга эканини кўрсатди.
Саммитнинг тез ва кенг кўламда ташкил қилингани алоҳида эътиборга лойиқ: одатда бундай учрашувлар бир неча ой аввалдан тайёрланиши керак эди. Ушбу бирдамлик Исроилга таъсир кўрсатиши мумкин, яъни у маълум даражада хавотир уйғотди. Бугунги мусулмон дунёси 20-30-50 йил олдингидек эмаслигини, сиёсий, дипломатик ва ташкилот жиҳатдан сезиларли ўзгаришлар борлигини тан олиш лозим.
Саммит доирасида Исроилнинг Қатарга қарши ҳаракати қатъиян қоралангани, ҳатто декларатив даражада бўлса ҳам катта сиёсий ютуқ сифатида баҳоланиши мумкин. Аммо воқеа тафсилотлари тўлиқ очиқланмагани шубҳаларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, ҳужум йўналиши ва техник жиҳатлари ҳақида аниқ маълумотларнинг йўқлиги, Қатар осмонида ҳимоя тизимларининг нима сабабдан ишламай қолганига оид саволларни пайдо қилмоқда. Яна бир савол доимий ҳаво-космик операциялар ва узун масофали самолётлар учун қандай қўшимча ёқилғи таъминоти амалга оширилгани ва ким томонидан бу қўллаб-қувватлангани ҳақида ҳам етарлича маълумот йўқ. Шунингдек, Қатар ва бошқа араб давлатлари вакилларининг АҚШ билан муносабатлари ҳам муҳокама мавзуси бўлди. Қатар ТИВ билан АҚШ сиёсий арбоблари ўртасидаги учрашувлар бу давлатлар орасидаги кучли боғлиқликни кўрсатади. Бу боғлиқлик айрим ҳолларда ташқи сиёсатда чеклов ва эҳтиёткорликка олиб келиши мумкин. Хулоса қилиб айтганда, Қатардаги саммит араб дуносининг ташкилий ва сиёсий фаоллиги намойишидир. Бироқ унинг самарасини тўлиқ баҳолаш учун ҳужум тафсилотлари, ҳарбий-техник далиллар ва халқаро алоқаларнинг янада ошкора таҳлили зарур. Шу билан бирга, бугунги араб монархиялари ва бошқа мамлакатларнинг АҚШ билан кучли боғланиши улар сиёсатида муҳим рол ўйнашини кўрсатади, бу эса арабларга баъзан муайян чекловлар ҳам олиб келиши мумкин.






