Россия президенти Владимир Путин 18 сентябр куни Давлат думасидаги сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Путиннинг Ново-Огарёводаги қароргоҳида бўлиб ўтган учрашувда Давлат думаси раиси Вячеслав Володин, «Единая Россия» партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари Владимир Василев, Россия Коммунистик партияси фракцияси раҳбари Геннадий Зюганов, Россия Либерал-демократик партияси фракцияси раҳбари Леонид Слуцкий, «Справедливая Россия – За правду» партияси фракцияси раҳбари Сергей Миронов, «Новые люди» партияси фракцияси раҳбари Алексей Нечаев иштирок этди.

КПРФ фракцияси раҳбари Геннадий Зюганов, «​​​​​​Единая Россия» фракцияси раҳбари Владимир Василев ва «​​​​​​Справедливая Россия – За правду» фракцияси раҳбари Сергей Миронов.

Мигрантлар геттоси

Йиғилишда партия раҳбарлари бошқа масалалар қатори миграция мавзусини ҳам кўтаришди.

Хусусан, Россия либераллари етакчиси Леонид Слуцкий миграция соҳасидаги вазиятни ҳалокатли деб атаган ҳамда Новосибирск шаҳрида меҳнат мигрантлари оила аъзолари билан яшайдиган Ленин районига ташрифи ҳақида гапира туриб, бу жойни «Хилокский геттоси» деб атаган.

Леонид Слуцкий

«Биз Новосибирскнинг Ленин районидаги „Хилокский геттоси“ деб аталадиган микрорайонда бўлдик, шаҳарликлар хавотирда, чунки уларнинг уйлари яқинида маҳаллий бозорни ушлаб турган кўплаб марказий осиёлик меҳмонлар яшайди. Одамлар нафақат антисанитариядан, қўполлик ва ахлоқсиз хатти-ҳаракатлардан шикоят қилишмоқда. Балки ўз яқинларининг ҳаёти ва хавфсизлигидан ҳам хавотирланишмоқда», – деди Леонид Слуцкий.

У бугунги кунда ўзи раҳбарлик қилаётган партия томонидан миграция соҳасидаги вазиятни нормаллаштириш бўйича таклиф этилаётган кўплаб қонун лойиҳалари қабул қилинганини қайд этган. Шу билан бирга, Слуцкий парламентдаги барча партияларга қўшимча чекловлар киритишни қўллаб-қувватлашни таклиф қилди. Хусусан, Россия фуқаролиги бўлмаган мигрантлар оилаларининг мамлакатга киришига чекловлар қўйишни ҳам.

«Катта оилалар кириб келмоқда, уларнинг фарзандлари мактабларда тартибсизлик келтириб чиқармоқда; тиббий, ижтимоий муассасаларда навбатлар юзага келмоқда», – деган у.