Йиғилишда қайд қилинишича, оилавий шифокорлар улушини 70 фоизга етказиш мўлжалланган. Рақамлаштириш ва қоғоз ҳужжат айланишини қисқартириш орқали тиббиёт ходимларининг иш юкламасини қарийб учдан бир қисмга камайтириш, фуқароларнинг бирламчи бўғин хизматларидан қониқиш даражасини 85 фоиздан ошириш мақсад қилинган. Шу билан бирга, тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантиришнинг уларнинг касбий самарадорлигига бевосита боғлиқ бўладиган янги тизими жорий этилмоқда.

Президент ихтисослашган ёрдамни тубдан такомиллаштириш муҳимлигини таъкидлади. Ўнлаб илмий-амалий тиббиёт марказлари мавжуд бўлиб, улар замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланмоқда, бюджетдан катта маблағ ажратилади.

Таъкидланишича, аҳоли орасида хизмат сифати ва узун навбатлар юзасидан эътирозлар сақланиб қолмоқда. Ихтисослаштирилган марказларда даволашнинг халқаро стандартларини жорий этиш, бирламчи бўғинда методологик ишлар сустлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу боис, барча республика ихтисослаштирилган клиникалари фаолиятини қайта кўриб чиқиб, уларнинг бошқарувига замонавий, профессионал менежерларни жалб қилиш таклифи билдирилди. Туркиялик мутахассислар фаолият юритаётган Республика онкология ва радиология маркази бунга ёрқин мисол қилиб кўрсатилди.

Таъкидланишича, айни пайтда клиник протоколларни қайта кўриб чиқиш ва янгилаш давом этмоқда: ҳозиргача 400 таси қайта кўрилди, йил охиригача бу кўрсаткич икки баравар ошади. Осиё тараққиёт банки кўмагида уч мингдан зиёд тиббий хизматлар учун тарифлар методологияси ишлаб чиқилмоқда.

Давлат раҳбари яна бешта марказга хорижий профессионал менежерларни жалб қилиш ёки уларни хориждаги нуфузли клиникалар бошқарувига бериш имкониятини ўрганишни буюрди.

Бунда халқаро тажриба асосида диагностика ва даволаш стандартлари ишлаб чиқилиши, миллий клиник протоколлар яратилиши, янги технологиялар жорий қилиниши, марказларни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқилиши, юқори малакали мутахассислар жалб этилиши, аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатишнинг шаффоф ва адолатли тизими яратилиши шартлиги таъкидланди.

Йиғилишда болалар саломатлигини муҳофаза қилиш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, бутун дунёда болаларни она сути билан озиқлантириш муаммоси долзарб бўлиб, она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлардан фойдаланиш суръати ортиб бормоқда.