Жамият | 14:17 / 21.09.2025
26201
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда ҳайдовчилар йўл талашиши оқибатида машина салонидаги аёлнинг ҳомиласи тушиб қолди

Тошкент шаҳри ИИББ маълумотига кўра, BYD автомобилидаги ота ва ўғли Gentra ойнасини синдириб, ҳайдовчига ҳужум қилган. Жабрланувчи ҳайдовчининг салонда турмуш ўртоғи ҳомиласини йўқотган. Зўравонларга нисбатан жиноят иши очилди.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Муқимий кўчасидаги йўл ўтказгич устида BYD автомобили Chevrolet Gentra йўлини тўсиб, ҳайдовчилар ўртасида жанжал чиққани акс этган видео тарқалди.

Видеода BYD ҳайдовчиси отаси билан биргаликда Gentra ҳайдовчисига ҳужум қилгани акс этган. Ҳужумга учраган ҳайдовчининг ҳомиладор рафиқаси у билан кетаётган бўлган. Хабарларда ҳодиса оқибатида ҳомиладор аёл болани йўқотгани айтилган.

Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси видео бўйича ўрганиш ишлари олиб борди ва воқеа тафсилотларини маълум қилди.

Қайд этилишича, Яккасарой тумани Муқимий кўчасида Gentra ҳайдовчиси BYD ҳайдовчиси билан йўл талашиши туфайли жанжал юзага келган.

«Ўнг полосада кетаётгандим, чап полосага ўтмоқчи эдим, поворотни ёқиб, чап полосага ўтдим. Орқамдан BYD келаётганди, унга халақит бермагандим, бемалол ҳолатда кетаётгандим. Кейин BYD орқамдан келиб, сигнал чалиб, ваҳима қилишни бошлади. Сигнал чалиб ташлади. Шу ҳолатда хотиним ҳомиладор, мазаси бўлмай қолди. Хотиним секинроқ юринг, деди, секинлашдим. Лекин BYD ваҳима қилиб яна орқамдан тирашни бошлади. Ўша ҳолатдан кейин машинани ўнгга олдим. Кейин келиб йўлимни тўсиб олди», – деди Gentra ҳайдовчиси.

Ҳайдовчининг сўзларига кўра, шундан сўнг BYD ҳайдовчиси отаси билан машинадан тушиб, Gentra ойналарини синдирган ва ҳайдовчисини дўппослаган.

«Хотиним ҳомиладор десам ҳам, яна келиб уряпти. Унинг айтишича, мен уни сиқиб қўйибман. Ҳеч қандай сиқишли ҳолат бўлмаган у ерда. Агар мен уни сиқиб қўйган бўлсам, минг бор узр, деб кетардим. Тўғри келиб уриб кетяпти. Имкон бермади гапиришга», – дея қўшимча қилди жабрланувчи.

Бошқарма хабарида BYD ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, Gentra йўлини тўсиб, сунъий равишда тирбандлик келтириб чиқаргани, машина ойнасини тепиб синдириб, ҳайдовчига қўл кўтарган, сўкиб, ҳақорат қилгани қайд этилган.

«Муқимий кўпригига чиқишда озгина сиқиб қўйди. Оқибатда озгинча келишмовчилик юзага келиб чиқди. Машинада аёл киши борлигини билмаган эдим. Аёлларидан ҳам, оилаларидан ҳам, Ўзбекистон халқидан ҳам, ҳамманглардан узр сўрайман. Жаҳл устида бунақа иш қилманглар. Қилган ишимдан афсусдаман. Жаҳл устида нотўғри иш қилиб қўйдим, билмасдан», – дейди BYD ҳайдовчиси.

Унинг жанжалга қўшилган отаси Gentra ҳайдовчисининг ҳаракатларини ҳақорат сифатида қабул қилгани, ўғлидан кўра ўзининг айби кўпроқлигини тан олиб, жабрланувчи оиладан узр сўрашини билдирган.

ИИББга кўра, Gentra ҳайдовчисининг рафиқаси ҳаммадан ҳам кўпроқ жабр кўрган – воқеа содир бўлганидан сўнг унинг ҳомиласи нобуд бўлган.

«Аёлимнинг ҳам қўллари шишган. Қошига ҳам қандайдир қаттиқ ҳолатда зарба бўлган, билмайман. Кўкариш йўқ, лекин оғрияпти. Ҳомиласи тушган. Унинг ҳозирги ҳолати яхши эмас. Хотинимдан ташқари уйдагилар ҳам яхши эмас, чунки стрессли ҳолат бўлган… », дейди Gentra ҳайдовчиси ва қонуний чора кўришни сўраган.

Ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИБ томонидан ота ва болага нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ушланган.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида жабрланувчининг ҳомиласи тушгани аниқлангани сабабли унинг тушиш сабабларини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Тергов жараёнида экспертиза хулосаси натижасига кўра гумонланувчиларнинг ҳаракатларига қўшимча ҳуқуқий баҳо берилади. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид