Англия: Гвардиоладан автобус

«Арсенал» – «Манчестер Сити» 1:1
Голлар: Ҳоланд, 9 (0:1). Мартинелли, 90+3 (1:1)
«Арсенал»: Райя, Салиба, Габриэл Магаляйнс, Калафиори, Тимбер (Мартинелли, 80), Субименди (Москера, 90+8), Райс, Мерино (Эзе, 46), Троссар (Нванери, 84), Мадуэке (Сака, 46), Йокереш
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Рубен Диаш, Гвардиол, О`Райли (Стоунс, 87), Ҳусанов (Матеус Нунес, 46), Родри, Рейндерс, Фоден (Аке, 68), Доку (Савио, 87), Бернарду Силва, Ҳоланд (Гонсалес, 76)
Огоҳлантиришлар: Тимбер, 46 – Бернарду Силва, 36. Доннарумма, 77

«Сити» турнинг марказий учрашувига максимал даражада кутилган таркиб билан тушди. Гвардиола 2021 йилдан буён илк бор қаторасига уч ўйинда бир хил таркибни туширди. Ўзбекистонлик ҳимоячи ҳимоянинг ўнг қанотидаги ўрнини мустаҳкам эгаллагани маълум бўлди. «Арсенал»да эса бу мавсумда илк бор Троссар илк дақиқалардан ўйнади, Артета бир неча кун олин Чемпионлар лигасида «Атлетик» билан ўйинда 1+1 кўрсаткич қайд этган футболчисига ишонч билдирди.

Ўйиннинг илк дақиқаларидан «Арсенал» катта куч билан олдинга ташланиб, рақиб жарима майдонини қамалга олди, энг олдинги чизиқдаёқ прессинг уюштирди, меҳмонлар эса қарши ҳужумларга таянди. «Сити» 9-дақиқадаёқ илк вазиятидан фойдаланди. Лондонликлар ҳимоячилари ҳужумда юрганида тўп йўқотилди ва Рейндерс тўпни рақиб жарима майдони яқинигача олиб бориб, ўнг қанотдан очилган Ҳоландни тўп билан таъминлади. Норвегиялик ҳужумчи яккама-якка вазиятдан унумли фойдаланди.

Шундан кейин меҳмонлар тўпни бутунлай рақибга топширишди. Бўлим ўрталарига бориб «шаҳарликлар»нинг тўпга эгалик қилиш кўрсаткичи 17 фоизгача тушиб кетганди. Бу вақтда Фоден бешинчи ҳимоячига айланди. Ўйинда қўполликлар туфайли тез-тез пауза юзага кела бошлади. Ҳусанов, Рейндерс, Габриэл, Троссар ва Бернарду фоллардан азият чекишди. Бўлим охирида олдинроқ сариқ карточка олиб бўлган Бернарду газонда ётган Троссарни тўп билан урди, бироқ ҳакам уни аяди ва майдондан четлатмади.

«Арсенал»нинг биринчи бўлимдаги тўпга эгалик қилиши чинакамига хавфли вазиятларни юзага келтирмади. Рақиб дарвозаси соҳасига тўғри борган ягона зарба Мадуэкенинг зарбаси бўлди, аммо бу вазиятда Доннарумма яқин бурчакка келган тўпни тўсишга улгурди.

Танаффусда учта алмаштириш бўлди. «Арсенал» Мадуэке ва Мерино ўрнига Сака ва Эзени майдонга ташлади ва бу лондонликлар ҳужумини кучайтирмай қолмади. Гвардиола эса биринчи бўлимда Ҳусановни майдондан олди. Ўзбекистонлик ҳимоячи яккакурашларда яхши ҳаракат қилди, ўз қанотида Троссарга имкон бермади, аммо тўп билан ҳаракатланишда яхши таассурот қолдира олмади — тўпни узоқлаштиришга уриниб кўп йўқотишга йўл қўйди, вазиятлардан бирида эса тўпни дарвозабонга қайтаришга уриниб, уни рақибга совға қилишига бир бахя қолди. Афтидан, «Арсенал» Ҳусановни прессингнинг асосий нишони сифатида танлаганди: айнан уни ноқулай ҳолатга туширувчи паслар бериб, кейин босим уюштирилди.