Сўнгги йилларда Тошкент дунёнинг ҳавоси энг ифлос шаҳарлари қаторидан жой олиб келмоқда. Бу пойтахт ҳаёти учун катта экологик муаммолардан бирига айланяпти.

Сабаблар

Пойтахт ҳавосининг ифлосланишига бир нечта омиллар сабаб бўлмоқда. Энг асосий манба – транспорт воситаларидан чиқадиган тутун ва чиқинди газлар. Пойтахтда машиналар сонининг йилдан йилга ортиши ҳавога зарарли моддалар чиқарилишини кескин кучайтирган. Қиш мавсумида эса аҳоли ва корхоналар томонидан кўмир ёки паст сифатли ёқилғидан фойдаланиш муаммо устига муаммо қўшади. Қурилиш майдонларидаги чанг-ғубор, яшил ҳудудларнинг қисқариши, саноат корхоналарининг чиқиндилари ҳам умумий фонни янада оғирлаштиради.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовга кўра, Тошкентда 22-23 сентябр кунлари кузатилаётган ҳаво ифлосланиши атмосфера оқимларининг алмашиниши оқибатида рўй бермоқда. Унинг айтишича, ушбу даврда ҳавода чанг заррачалари кўпаяди ва бу табиий ҳаво ифлосланиши ҳисобланади. Антициклон шароитида тонгда ва кечқурун ҳаводаги чанг миқдори ортиши мумкин.

Мутахассиснинг таъкидлашича, жорий йил баҳорининг сўнгги ойи ва бутун бошли ёз ойлари ўтган йилги шу даврга нисбатан жуда иссиқ ва фавқулодда қуруқ бўлди. Ҳатто, пойтахтда, масалан, сўнгги тўрт ойда ерни ҳўл қилувчи ёмғир ёғмади. Мазкур ҳолат бутун минтақада шу каби тамойил билан кузатилди.

Минтақага навбатдаги совуқ ҳаво оқимлари кириб келиши давомли фронтолд шамолларни келтириб чиқарди, бу эса айрим ҳудудларда чанг тўзони ва чанг бўронларига сабаб бўлди. Навбатдаги совуқ антициклоннинг 21–22 сентябр кунлари минтақага кириб келиши натижасида республиканинг кўплаб ҳудудларида чанг бўронлари кузатилди. Хусусан, 21 сентябр куни воҳа ва республика марказларида катта масштабли чанг бўронлари содир бўлди, ҳавода майда РМ2.5 ва РМ10 заррачалари миқдори кескин ортди.

22 сентябр куни Каспий денгизи орқали кириб келган ноодатий антициклоннинг шарқий қисми фронтолд шамоллар туфайли Қизилқум шарқи, Айдаркўл кўллар тизими ва Жиззах ғарбий ҳудудларида кўтарилган чанг ҳаво ғарбга йўналди. Шу куни иккинчи ярим кунида айни йўналишдаги шамол Чордара сув омбори атрофида шимолга бурилди. Ушбу чанг массаси Тошкентга соат 15:00 да етиб келди. Кечки пайтгача, соат 19:00 гача, пойтахт жануби-ғарбидан чанг оқимлари кириб келиши давом этди.

Тошкент халқаро аэропортида соат 18:30 да кўриниш масофаси 4000 метргача пасайган ғубор ҳодисаси қайд этилди. Жорий чанг ҳаво миқдори 2021 йил 4 ноябрдаги даражадан анча паст бўлса-да, Ўзгидрометнинг пойтахт турли ҳудудларига ўрнатилган автомат станционар станциялари РМ2.5 майда заррачалари миқдори рухсат этилган миллий стандартдан 5–6 баробар ошганини қайд этди