Кўчмас мулк | 14:56 / 25.09.2025
2498
2 дақиқада ўқилади

Алоҳида тоифадаги объектлар бўйича давлат харидлари қандай ўтказилади?

Вазирлар Маҳкамасининг "Айрим тоифадаги объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлашда давлат харидларини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Фото: Norma.uz

Ҳужжат давлат томонидан қўриқланиши лозим бўлган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистонда мудофаа қобилиятини, хавфсизликни таъминлаш ва ички тартибни сақлашда давлат сирлари билан боғлиқ давлат харидларини амалга ошириш учун мўлжалланган.

Қуйидаги тартиблар тўғрисидаги низомлар тасдиқланди:

  • айрим тоифадаги объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш лойиҳалари реестрини юритиш;
  • айрим тоифадаги объектларда амалга ошириладиган лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш билан боғлиқ давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш.

Объектларни махсус ажратилган ва тоифаланган объектлар рўйхатига киритиш учун буюртмачи ташкилотлар жавобгар ҳисобланади.

Реестрга фақат "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимидаги тегишли электрон рейтингда мавжуд бўлган лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари рухсат этилади. Улар реестрга 5 йил муддатга киритилади.

Ушбу объектлар бўйича давлат харидларини ташкил этишда оммавий ахборот воситалари ва очиқ электрон платформаларда маълумот жойлаштиришга йўл қўйилмайди.

Алоҳида ажратилган ва тоифаланган объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича харид комиссиясининг йиғилишлари харид комиссияси аъзоларининг иштирокида юзма-юз ўтказилади.

Йиғилиш жараёнида тендерда қатнашиш учун аризалар билан конвертлар очилади, шартлар бажарилиши ва харид ҳужжатларида кўрсатилган ҳужжатларнинг мавжудлиги текширилади. Харид ташкилотчиси конвертларни очишни видеога олади ва видеоёзувни икки йил давомида сақлашни таъминлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид