Жаҳон | 18:31 / 26.09.2025
7928
3 дақиқада ўқилади

Тўқаев глобал иқлим саммитларини кенг кўламли фирибгарликка ўхшатишини айтди

Қозоғистон раҳбари АҚШ президенти Доналд Трампнинг шу мазмундаги баёнотини қўллаб-қувватлади.

Фото: akorda.kz

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 26 сентябр куни Фан ва технологиялар бўйича миллий кенгаш йиғилишида нутқ сўзлади. Унинг сўзларига кўра, илм-фан ва технологиялар барча давлатлар учун стратегик аҳамиятга эга.

Тўқаев ўз нутқида глобал иқлим саммитларини оммавий фирибгарликка ўхшатишини айтди.

«Мен Дубай ва Бокуда бўлиб ўтган глобал иқлим саммитларида иштирок этдим. Мен ўз таассуротларимни ҳамкасбларим ва ҳукумат аъзолари билан ўртоқлашдим ва содир бўлаётган воқеалар кўпроқ кенг кўламли фирибгарликни эслатишини очиқ айтдим. Менинг сўзларимни бош вазир Ўлжас Бектенов ҳам тасдиқлаши мумкин. Куни кеча АҚШ президенти Доналд Трамп БМТ минбаридан худди шундай баёнот билан чиқди: «Иқлим ўзгариши - дунёда содир этилган энг катта фирибгарликдир». Шунинг учун Қозоғистон 35 йил ичида тўлиқ декарбонизацияни амалга ошириш бўйича расмий режаларини эълон қилди. Бугунги кунда Қозоғистонда 118 миллиард киловатт энергия ишлаб чиқарилмоқда. Бу етарли эмас. Рақамлаштириш ва сунъий интеллект ривожлангани сари мамлакатнинг энергияга бўлган эҳтиёжи жадал ўсиб бориши аниқ», деди Қосим-Жўмарт Тўқаев.

У энергия манбаларидан самарали фойдаланиш зарурлигини айтди. Аввало, гап кўмир ҳақида бормоқда. Тўқаев таъкидлаганидек, Қозоғистон йилига 113 миллион тонна кўмир қазиб олади ва бу кўрсаткич бўйича дунёнинг етакчи ўнта давлати қаторига киради.

23 сентябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп иқлим инқирозини «энг катта фирибгарлик» деб атади. У БМТ Бош Ассамблеясида тегишли баёнот билан чиқди.

«БМТ ва бошқа кўплаб ташкилотлар томонидан кўпинча ёмон ниятларда қилинган бу башоратларнинг барчаси нотўғри бўлиб чиқди. Уларни ўз мамлакатларига қимматга тушган ва бу мамлакатларни муваффақият қозониш имкониятидан маҳрум қилган аҳмоқ одамлар яратган. Агар сиз бу «яшил фирибгарликдан» воз кечмасангиз, мамлакатингиз муваффақиятсизликка учрайди. Мен бундай башоратларни жуда яхши биламан», деди Оқ уй раҳбари.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид