Жаҳон | 15:09 / 28.09.2025
16560
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда сиёсатчи ва актёр Виджай ўтказган митинг вақтида ўнлаб кишилар ҳалок бўлди

Ҳиндистон жанубидаги Тамилнад штатида бўлиб ўтган сиёсий митингда рўй берган тиқилинч оқибатида камида 39 киши, жумладан, болалар ҳалок бўлди, деб хабар берди штат расмийлари.

Шанба куни Карур округида актёр ва сиёсатчи Виджайнинг сайловолди тадбирига ўн минглаб одамлар йиғилган.

Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, тадбир бир неча соатга кечиктирилган. Телевизион кадрларда оломон ичида ҳушини йўқотаётган одамларни кўриш мумкин.

Маҳаллий шифохона ёнида журналистларга маълумот берган сиёсатчи Сентил Балажи ҳалок бўлганлар сонини тасдиқлади ва 50 дан ортиқ киши жароҳатланганини маълум қилди.

Митинг жойида қолган оёқ кийимлар

Штат соғлиқни сақлаш вазири Ма Субраманианнинг маҳаллий ОАВга маълум қилишича, ҳалок бўлганлар орасида камида 16 нафар аёл, тўққиз нафар эркак ва олти нафар бола бор.

Тамилнад штати ҳукумати раҳбари Мутхувел Карунанидхи Сталиннинг айтишича, баъзи одамлар тиқилинчда ҳушидан кетганидан кейин шифохонага етказилган, расмийлар қўшни ҳудудлардаги шифокорларни ёрдам учун чақирган.

Шунингдек, у ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига бир миллион рупий (11300 АҚШ доллари) миқдорида товон пули тўланиши ва ҳодиса юзасидан текширув ўтказилишини маълум қилди.

Интернетда эълон қилинган баёнотида Виджай «қалби чилпарчин бўлгани» ва «чидаб бўлмас, таърифлаб бўлмас оғриқ ва қайғу»ни бошдан кечираётганини айтди.

У ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига «чуқур ҳамдардлик» билдириб, шифохонада ётганларнинг «тезроқ соғайиб кетиши»ни тилаган.

Виджайнинг Карур округида ўтказилган митинги

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Х платформасидаги постда содир бўлган воқеани «қайғули бахтсиз ҳодиса» деб атади.

Ҳиндистонда оломон орасида тиқилинчлар камёб ҳодиса эмас, шу йилнинг ўзида бир нечта шунга ўхшаш фожиалар содир бўлди, машҳур Кумбх Мела фестивалидаги тиқилинч ҳамда «Royal Challengers» номли маҳаллий крикет жамоасининг ғалабасини нишонлаш пайтида стадионнинг кириш қисмида рўй берган тиқилинч шулар жумласидан.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид