Мақолада АҚШ ва Ўзбекистон етакчиларининг камералар қаршисидаги учрашувидан олдин, Трамп ўзининг Truth Social тармоғида Мирзиёевни мақтаб пост ёзгани қайд этилган.
Оқ уй раҳбари бу постида Boeing Dreamliner'лари хариди бўйича 8 млрд долларлик битим учун Ўзбекистон президентини мақтади ва бу келишув “АҚШда 35 мингдан ортиқ иш ўрни яратиши”ни айтди.
“Жаноб Мирзиёев сўзида турадиган одам ва биз яна кўплаб масалалар устида биргаликда ишлашда давом этамиз”, дея ёзди Трамп.
Forbes'нинг ёзишича, бу сўзлар – Трампнинг лексиконида “анчагина илиқ хайрихоҳлик”дан дарак беради.
Нашр ўз мақоласида Ўзбекистон президенти АҚШнинг етакчи компаниялари ва молиявий институтлари билан учрашувлар ўтказгани, Мирзиёев даврида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо 4 баробарга ошгани, Американинг 300 дан ортиқ компаниялари Ўзбекистонга инвестиция киритаётганини қайд этган.
“Стратегик металлар ва нодир минералларни қазиб олиш устувор йўналишдек кўринмоқда. Банк, АТ, транспорт ва энергетика инфратузилмаси ҳамда бошқа йўналишлар ҳам муҳокама марказида бўлди”, – дейилади хабарда.
Америка журналига кўра, Трампнинг Арманистон ва Озарбойжонни тинчликка яқинлаштириш ҳамда Зангезур коридорини ёрқин келажакка эга “Трамп коридори”га айлантиришга интилишлари – Марказий Осиё учун асрлар давомида илк марта Россия, Эрон ва Хитойни айланиб ўтган ҳолда дунё савдо йўлларига уланиш имконини беради. Ғарб билан тўғридан тўғри савдо – минтақа учун қўшниларига қараганда юксакроқ ва эркинроқ сиёсий моделни англатади, дея ёзади Forbes.
Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг маслаҳатчиси Комил Алламжонов Жорж Вашингтон университетининг Марказий Осиё дастурига махсус маслаҳатчи этиб тайинлангани ҳам мақолада тилга олиб ўтилган. Қайд этилишича, бу тайинлов Тошкентнинг Ғарб билан алоқалари аввалгидан яқинроқлигини кўрсатади.
“Илгари АҚШ ва Европа минтақани ўзгартириб бўлмас совет анъаналарига ботган “қоронғу ҳудуд” сифатида кўрар эди. [Ғарбнинг Марказий Осиёга] фаол қизиқиши ва [ўзаро] ҳамкорлик эса вазиятни ўзгартиради. Минтақа ўтмишда беқарорлик ўчоғи эди, АҚШнинг қўллаб-қувватлаши эса трансформацияга йўл очувчи омил бўлиб хизмат қилади”, – дея ёзади нашр.















