Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Ҳамас ва Исроил музокаралари
Халил ал-Ҳайя бошчилигида Ҳамас расмийлари 5 октябр куни Исроил билан музокаралар ўтказиш учун Қоҳирага етиб келди. АҚШ эса бу музокаралар Ғазода жангларни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод этишига умид қилмоқда.
Исроил музокарачилари — стратегик масалалар вазири Рон Дермер бошчилигидаги делегация ҳам бугун Шарм аш-Шайхга келади.
«Ҳамас бу борада жиддий ёки йўқлигини биз жуда тез биламиз — бу техник музокараларда логистик тафсилотлар бўйича қандай ҳаракат қилишига қараб маълум бўлади», - деди АҚШ давлат котиби Марко Рубио якшанба куни.
Трамп якшанба куни музокаралар «тез суръатда ривожланаётганини» билдирди. «Менга айтилишича, биринчи босқич шу ҳафта якунланиши керак. Мен эса ҳаммадан 'ТEЗ ҲАРАКАТ ҚИЛИНГ' деб сўраяпман», - деб ёзди у ижтимоий тармоқдаги постида. Биринчи босқичда гаровдагиларни озод этиш эвазига фаластинлик маҳбусларни озод қилиш масаласи кўрилади.
Трамп аввалроқ Ғазодаги жангларни тугатиш, қолган гаровдагиларни озод этиш ва ҳудуднинг келажагини белгилашга қаратилган 20 бандлик режани илгари сурган. Исроил ҳам, Ҳамас ҳам режадаги айрим қисмларга розилик билдирган.
Трамп Ҳамаснинг жавобини олқишлаб, гуруҳ «барқарор тинчликка тайёр эканини» кўрсатди, деди. Шунингдек, у Исроилдан Ғазони бомбардимон қилишни дарҳол тўхтатишни талаб қилди, бироқ ҳужумлар тўхтамади. Якшанба куни самолётлар ва танклар бутун сектор бўйлаб зарбалар бериб, камида 19 кишини ўлдирди.
Икки томон ҳам урушдан қаттиқ чарчаган: ғазоликлар сулҳ ҳақидаги гапларни хавотир ва умид билан қарши олган бўлса, Нетаняҳу босим остида қолмоқда. Гаровдаги оилалар ва урушдан чарчаган жамоатчилик бир томондан, яна бир томондан эса Ғазодаги урушни давом эттиришни талаб қилаётган коалициядаги сиёсатчилар босим бермоқда. Хусусан, Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир Ғазодаги уруш тугаса, Нетаняҳу ҳукуматини ағдариш билан таҳдид қилмоқда.
Россия–Украина уруши
Россия қўшини 5 октябрга ўтар кечаси Украина бўйлаб навбатдаги марта ёпирилма ҳужумини амалга оширди. Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия армияси 50 дан ортиқ ракета ва 500 га яқин дрондан фойдаланган. Жами тўққиз област – Лвив, Ивано-Франковск, Запорижжя, Черниҳив, Суми, Харкив, Херсон, Одесса ва Кировоград зарбалар остида қолган.






