Жаҳон | 18:15 / 06.10.2025
3981
2 дақиқада ўқилади

Москвада минглаб рейд натижасида 450 нафардан ортиқ мигрант депортация қилинди

7632 та рейд натижасида 1400 нафарга яқин мигрантни чиқариб юбориш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

Москванинг жамоат жойлари, савдо ва озиқ-овқат марказлари, ётоқхоналар ва бошқа нуқталарида ўтказилган 7632 та рейд натижасида 1400 нафарга яқин мигрантни чиқариб юбориш тўғрисида қарорлар қабул қилинди, уларнинг 450 нафардан ортиғи Россиядан депортация қилинди. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва бўйича бош бошқармаси жорий йил 9 ойи якунлари бўйича маълум қилди.

«Миграция соҳасида 58 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланди, улардан аксарияти - 15 мингта ҳолат - чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан Россияга кириш ёки Россияда бўлиш (яшаш) қоидаларини бузиш билан боғлиқ», дейилади хабарда.

Шунингдек, 5 мингдан ортиқ маҳаллий иш берувчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни меҳнат фаолиятига жалб қилиш қоидаларини бузган.

Шунингдек, турли жиноятлар, жумладан, оғир жиноятларни содир этгани учун қидирувда бўлган 242 нафар, хавфли касалликларга чалинган 430 нафар, Россия ҳудудига сохта ҳужжатлар билан кирган 100 нафар шахс аниқланган.

Аввалроқ, 22 сентябр куни Росгвардия ходимлари Красноярскда ўзбекистонлик хонанданинг концертига бостириб кириб, Марказий Осиё давлатларидан келган 26 нафар фуқарони қўлга олган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид