Туризм | 14:28 / 06.10.2025
3112
2 дақиқада ўқилади

Трабзон ва Тошкент ўртасида доимий авиарейслар йўлга қўйилиши мумкин 

Мамлакат элчихонаси дипломатлари Туркиянинг Трабзон вилояти маданият ва туризм бошқармаси бошлиғи Тамер Эрдоған билан учрашув ўтказди.

Фото: Wikipedia

Мулоқот давомида Ўзбекистон ҳудудлари ва Трабзон вилояти ўртасида сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, туристлар алмашинувини ошириш, маданий дастурлар ва халқаро анжуманларни ташкил этиш, Трабзон ва Тошкент шаҳарлари ўртасида доимий авиарейсларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Тамер Эрдоғаннинг айтишича, 2025 йил ўтган даврида Ўзбекистондан 10 мингдан зиёд ўзбекистонликлар сайёҳлик мақсадида Трабзонга келган. У, шунингдек, Трабзондан Ўзбекистонга саёҳат қилишга бўлган қизиқиш йилдан йилга ортаётганини билдирди.

Бу борадаги ҳамкорликни жадаллаштириш мақсадида Трабзон вилояти ва Ўзбекистон туркомпаниялари ўртасидаги яқин алоқаларни йўлга қўйиш, Туркиянинг ушбу ҳудудида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимотларни кўпроқ ўтказиш таклифи қўллаб-қувватланди.

Томонлар жорий йилнинг 29-31 октябр кунлари Трабзон шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ҳамда ўзбек санъат усталари иштирокидаги концерт дастурини юқори даражада ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади.

Учрашув якунида 27-29 ноябр кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро туризм ярмаркасида Трабзон вилояти махсус павилон билан иштирок этиши юзасидан келишиб олинди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид