Президент Шавкат Мирзиёев 7 октябр куни Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Габала шаҳрида ўтган навбатдаги йиғилишида иштирок этди.

Кун тартибига мувофиқ, ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, амалий шерикликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон етакчиси саммитда глобал бошқарув тизимини чуқур ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш, БМТ ва Хавфсизлик Кенгашининг ролини ошириш, шунингдек, халқаро ишларда ривожланаётган мамлакатларнинг овозини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Евроосиё қитъасида тобора авж олаётган, охири кўринмаётган можаро ва урушлар Ташкилот давлатларига салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Ғазо секторидаги фожиа, Украина атрофидаги вазият, Эроннинг ядро дастури муаммоси, Афғонистондаги барқарорлик масалалари жиддий хавотир уйғотмоқда.

Ўзбекистон раҳбари жаҳоннинг қудратли давлатларининг адолатли дунё тартиботини шакллантириш, ўзаро ишонч ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги интилишлари ва янги режаларини олқишлади.

Глобал вазиятни чуқур таҳлил қилиш ва зарур қарорлар қабул қилиш мақсадида ТДТ мамлакатлари ташқи сиёсий идоралари ва махсус хизматлари раҳбарларининг қўшма учрашувларини ўтказиш ва бундай форматдаги биринчи йиғилишни келгуси йилда Самарқанд шаҳрида ташкил этиш таклиф қилинди.

Давлат раҳбари ўз нутқининг асосий қисмида амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг аниқ масалаларига тўхталди.

Кўп қиррали шерикликни кенгайтириш ва жадаллаштириш мақсадида Туркий давлатлар ташкилотини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича алоҳида "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш таклиф қилинди. Ушбу ҳужжатларда қуйидаги аниқ йўналиш ва чора-тадбирларни акс эттириш зарурлиги қайд этилди.

Биринчидан, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва саноат кооперациясини чуқурлаштириш. Ўзбекистон Президенти яқин истиқболда ТДТ доирасида савдо, бизнес ва ўзаро инвестициялар учун энг қулай шароитлар, ҳуқуқий асос ва инфратузилма яратишни назарда тутадиган Янги иқтисодий имкониятлар маконини шакллантириш муҳимлигини яна бир бор таъкидлади.

Амалий ҳамкорликни изчил ривожлантириш ва аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш, хусусан, Туркий инвестиция жамғармаси доирасидаги режаларни келишиш мақсадида Туркий давлатларнинг иқтисодий шериклик бўйича доимий кенгашини таъсис этиш муҳимлиги қайд этилди. Доимий асосда фаолият юритадиган ушбу тузилмага Ташкилот мамлакатлари Бош вазирларининг ўринбосарлари раҳбарлик қилиши мумкин. Кенгашнинг Лойиҳа офисини Тошкент шаҳрида жойлаштириш таклиф этилди.