Ўтган асрнинг 90-йиллари охири. Россиянинг биринчи президенти Борис Елцин сиёсий фаолиятини якунлаш ҳақида ўйлай бошлайди. Мамлакатда иқтисодий инқироз чуқурлашиб борар, халқ орасида норозилик кучайганди. Шундай шароитда сиёсий майдонга Владимир Путин кириб келади. Kun.uz 7 октябр куни 73 ёшни қаршилаган сиёсатчининг ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилади.

«Кўча боласи»

Владимир Путин 1952 йилда Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳрида камбағал оилада туғилган. Бобоси Спиридон Иванович СССР коммунистик партиясининг кўзга кўринган шахсларининг далаҳовлиларида ошпазлик қилган. Отаси Владимир Спиридонович эса Иккинчи жаҳон урушида асосан Ленинград фронтида жанг қилган, қатор орден ва медаллар соҳиби бўлган. Путиннинг отаси ҳам, онаси ҳам у Россия президентлигига келишидан бир муддат аввал вафот этади.

Владимир мактабда жангари ўқувчи бўлган. Энг яқин дўстининг хотирлашича, «у исталган рақиб билан муштлашиши мумкин эди», чунки «у қўрқув нелигини билмаган».

Фото: Getty Images

Шунга қарамай, озғин ва бесўнақай йигитча кўча безорилари билан тўлган шаҳарда ўзини ҳимоя қила олиши керак эди ва 12 ёшида аввалига самбо билан, кейин эса дзюдо билан шуғуллана бошлайди. Путин қатъий ва интизомли эди, 18 ёшида у дзюдо бўйича қора белбоғ соҳиби бўлади, ўсмирлар ўртасидаги миллий мусобақада эса учинчи ўринни эгаллайди.

КГБ томон йўл

Одамлар КГБнинг Ленинграддаги штаб-квартираси жойлашган Литейний проспекти, 4-уйни анча наридан айланиб ўтишарди. Сталин замонида унинг тергов камералари орқали шу қадар кўп одам ГУЛАГ лагерларига жўнатилганки, Ленинградда шундай ҳазил гап юрарди: «Катта уй» - шаҳардаги энг баланд бино, чунки унинг ҳатто ертўласидан ҳам Сибир кўриниб туради.

Олдин 8 йиллик, кейин ўрта мактабни ўрта баҳолар ва ҳаминқадар хулқ билан тугатган ёш Владимир разведка ходими бўлиш иштиёқида ёнарди. Чунки тоталитар тузум ёшлари шу руҳда тарбия қилинганди.

16 ёшли Путин ҳаммада қўрқув уйғотадиган КГБ биносига тўғри кириб боради ва унга ҳайрон қараб турган офицердан бу ерга қандай ишга кириш мумкинлигини сўрайди. Унга ҳарбий хизмат ўташ ёки илмий даража олиш кераклигини айтишади. Шундан сўнг Путин юридик таълим олиш ва ишга жойлашишга аҳд қилади, унинг наздида айнан хавфсизлик идорасида партияга алоқадор бўлмай туриб ҳам кўтарилиш имконияти бор эди.