Ўзбекистон | 13:28 / 08.10.2025
3739
2 дақиқада ўқилади

Рақобат қўмитаси Марказий банкдан кредит карталар амалиётини текширишни сўради

Айрим банклар кредит карталардан амалга ошириладиган коммунал хизматлар, ўқиш, тиббиёт, суғурта ва солиқ тўловларини нақд пул ечиб олишга тенглаштириб, фоиз ва комиссия ундиряпти. Бу эса аҳоли эътирозларига сабаб бўляпти. Рақобат қўмитаси бу борада ўрганиш ўтказиш ва ортиқча ундирилган пуллар қайтарилишини таъминлаш сўрови билан, Марказий банкка мурожаат қилди.

Фото: Kun.uz

Рақобат қўмитаси Марказий банкка тижорат банкларининг кредит карта амалиётларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан сўров юборди, дея хабар берди қўмита ахборот хизмати.

Қайд этилишича, сўнгги вақтларда иқтисодиётнинг ривожланиши, аҳоли турмуш тарзини ошириш мақсадида турли шаклдаги кредитлар ажратиш сиёсати қўллаб-қувватлаб келиняпти. Бироқ ушбу амалиётларда айрим банклар тақдим этган кредит карталаридан коммунал хизматлар, ўқиш, тиббиёт ва суғурта ҳамда солиқ каби тўловлар ҳам нақд пулга ечишга тенглаштирилган. Улардан фоиз ва комиссиялар ундирилаётгани эса аҳолининг эътирозларига сабаб бўляпти. Юқоридагиларни инобатга олиб, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 4-, 12-, 19-,21- ва 23-моддаларига мувофиқ:

  • давлат ва нодавлат банклар фаолиятини ўрганиб чиқиш ва уларнинг фаолиятини кредит карталари фоиз масалаларини қайта кўриб чиқиш;
  • истеъмолчилар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда мувофиқлаштириш ҳамда асоссиз олинган хизмат ҳақи пулларини қайтариш чораларини кўриш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига белгиланган тартибда сўров юборди.
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид