Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистондан Покистоннинг Карачи шаҳрига парвозлар йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси ташаббуси билан Карачи шаҳрида сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини халқаро миқёсда, жумладан Покистон жамоатчилиги орасида кенг тарғиб этиш, мамлакатимизга хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида ташкил этилди.
Қатнашчилар шу йилнинг 30 октябридан 13 ноябригача Самарқанд шаҳрида сўнгги 40 йилда илк бор Париждан ташқарида ЮНЕСКО бош конференциясининг 43-сессияси ўтказилиши тўғрисида хабардор қилинди. Бу нуфузли анжуман Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи ва маданий мерос соҳасидаги обрўси юксалиб бораётганидан далолат экани таъкидланди.
Шунингдек, Uzbekistan Airways авиакомпанияси томонидан ҳозирда Покистоннинг Исломобод ва Лаҳор шаҳарларига мунтазам рейслар амалга оширилаётгани, яқин истиқболда Карачига ҳам тўғридан тўғри парвозларни йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилаётгани маълум қилинди.
BMG Group компанияси раиси Муҳаммад Мотивала Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. У мамлакатнинг барқарор иқтисодий муҳити ва инфратузилмавий имкониятлари покистонлик инвесторлар учун катта истиқболлар яратаётганини таъкидлади. Мотивала Карачи ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш зарурлигини ҳам қайд этди.
Покистон сайёҳлик агентликлари уюшмаси раисининг ўринбосари Муҳаммад Иляс эса Ўзбекистоннинг зиёрат ва ислом цивилизацияси туризми борасидаги улкан салоҳиятига эътиборни қаратиб, икки мамлакат ўртасида махсус зиёрат ва маданий саёҳат дастурларини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.