Жума куни Шимолий Корея ҳукумати Корея Меҳнат партияси ташкил топганининг 80 йиллигини ҳарбий парад билан нишонлади, унда янги гипертовушли планер блоки ва қитъалараро баллистик ракеталар, жумладан янги «Хвасон-20» қитъалараро баллистик ракетаси ҳам намойиш этилди. Парадни КХДР етакчиси билан бирга Россиянинг собиқ президенти, мамлакат Миллий хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ҳам кузатиб борди.
«Хвасон-11Ма» гипертовушли қуроли ва «Хвасон-20» қитъалараро баллистик ракетаси давлат оммавий ахборот воситалари томонидан Шимолий Кореянинг «энг кучли ядровий стратегик қурол тизими» сифатида таърифланди.
Сентябр ойида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мамлакат янги «махфий» қуролга эга бўлганини маълум қилган эди.
Экспертлар фикрича, ўшанда у айнан «Хвасон-20» ракетасини назарда тутган.
«Хвасон-11» сериясидаги қуроллар Россиянинг «Искандер» ракеталари асосида яратилган қисқа масофали баллистик ракеталардир.
У гипертовушли деб аталади, чунки товуш тезлигидан беш баравар юқори тезликда ҳаракатланиб, манёврларни амалга ошира олади.
BBC’нинг Сеулдаги мухбири хабар беришича, парадда улкан ракетанинг пайдо бўлиши мушакбозлик ва олқишлар билан кечган.

Ракетанинг ҳажми шуни кўрсатадики, у кўплаб ядровий каллакларни олиб юришга қодир ва назарий жиҳатдан АҚШ ҳудудининг исталган нуқтасига зарба бера олади, дея таъкидлайди мухбир.


Дмитрий Медведев 8 октябр куни «Единая Россия» партияси делегациясига бошчилик қилган ҳолда расмий ташриф билан Пхенянга борганди. Шунингдек, у Ким Чен Ин билан музокаралар ўтказган.
Медведев ўз телеграм-каналида «ўртоқ Ким Чен Инга қабул қилинган иттифоқчилик қарорлари учун», Шимолий Корея ҳарбийларига эса ёрдам учун миннатдорчилик билдирганини айтди.















