Жамият | 13:22 / 16.10.2025
39939
2 дақиқада ўқилади

Ишга олиш учун аёлга жинсий алоқа таклиф қилган мактаб директори ишдан олинди

Қашқадарёнинг Кўкдала туманидаги 17-умумтаълим мактаби директори ишга кириш бўйича мурожаат қилган аёлга “у билан бирга бўлишни хоҳлаётгани”ни билдирган. Мактаб директори маҳаллий кенгаш депутати ҳам ҳисобланади.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ижтимоий тармоқларда Кўкдала туманидаги 17-умумтаълим мактаби директори Азамат Рузановга тегишли экани айтилган аудиоёзув тарқалди. Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Аудиоёзувда эркак ва аёл суҳбати акс этган. Унда аёл “чизмачиликка бўлсаям олсангиз майли эди” деган. Бунга жавобан мактаб директори: “Гапнинг дангали-да, сен билан бирга бўлишни хоҳлайман, тўғрисини айтсам. Мени тушундингми?” дея жинсий алоқа таклиф этган.

Ҳолат Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ўрганилган.

“Бошқарма бошлиғининг 2025 йил 16 октябрдаги 844-К-сонли буйруғи билан мактаб директори вазифасидан озод этилди. Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси педагог мақомига доғ туширувчи ҳар қандай салбий ҳолатни қоралайди ва кескин чоралар кўрилишини маълум қилади”, дейилади бошқарма расмий муносабатида.

Азамат Рузанов халқ депутатлари Кўкдала туман кенгаши депутати ҳам ҳисобланади. У туманнинг Наймансарой маҳалласидан депутат этиб сайланган. Кенгаш котибият мудирининг Kun.uz'га маълум қилишича, ҳозирда депутатнинг ушбу ҳаракатини регламент ва депутатлик одоб-ахлоқ масалалари бўйича доимий комиссияда кўриб чиқиш режалаштирилмоқда.

Аввалроқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ходими аёлга жинсий алоқа эвазига лавозим таклиф қилганди.

Мавзуга оид