Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа кеча, 15 октябр куни расмий сафар билан Москвага борди. Сурияда режим алмашгандан бери Шаръа биринчи марта Россияга келмоқда ва Кремлда президент Владимир Путин билан мулоқот қилди.
Рус матбуотига кўра, музокаралар икки ярим соат давом этган. Кремл сайтида эса даставвал фақат учрашувлар бошланиши аввалидан расмлар ҳамда хабар эълон қилинган. Рус ОАВлари Путин ва Шаръа кейин нимани муҳокама қилгани ҳақида батафсил хабарлар чиқаргани йўқ.
Путиннинг маслаҳатчилари, мудофаа вазири Андрей Белоусов ва Россия Қуролли кучлари бош штабидан Игор Костюков йиллар давомида Москва томонидан қўллаб-қувватланган президент Башар ал-Асадни ағдарган қуролли мухолифатнинг собиқ етакчиси билан музокараларда иштирок этди.
“Россия ва Сурия муносабатлари бизнинг сиёсий шароитимиз ёки алоҳида манфаатларимиз билан боғлиқ бўлмаган”, деди Владимир Путин музокаралар аввалида.
Унинг қўшимча қилишича, Москва “Сурия халқи манфаатлари”ни ҳисобга олган. "Россияга хуш келибсиз!" деди сўнгра Путин Суриянинг янги раҳбарини кутиб оларкан.
Аш-Шаръага кўра, " Россия билан унинг давлати ҳақиқатан ҳам узоқ йиллик тарихий алоқаларга эга" ва ҳозир "дунё янги Сурия билан танишмоқда". У Москва ва Дамашқ ўртасидаги ҳамкорликни давом эттиришни таклиф қилди: “Биз мураккаб муносабатларимизни тиклашга ҳаракат қиламиз”, дейди муваққат президент.
Путиннинг аш-Шаръа билан учрашуви олдидан Суриянинг Al Hadath телеканали ва Reuters агентлиги муваққат президент Россиядан Сурияликларга қарши жиноятларда айбланган Башар Асадни судга топширишни расман сўраши мумкинлигини хабар қилган.
Reuters’га кўра, кун тартибида Россия ҳарбий-денгиз кучларининг Тартусдаги базаси ва Хмеймимдаги авиабазанинг давом этиши мавзуси ҳам бўлган.
Музокаралар бошланишидан олдин Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков бу масаланинг бўлишини қисман тасдиқлаган: “База мавзуси президент билан суҳбат чоғида у ёки бу тарзда кўтарилиши аниқ”, деди Песков.
Шунингдек, муваққат президент иқтисодий имтиёзлар, жумладан, буғдой етказиб беришни қулай шартларда тиклаш ва уруш зарари учун товон тўлашни сўраган бўлиши мумкин. Аш-Шаръа Москванинг қўллаб-қувватлашидан манфаатдор, чунки у Исроилнинг Сурия жанубида кенгроқ демилитаризация зонаси ташкил этиш ҳақидаги талабларига қаршилик кўрсатиш ниятида.






