Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп NYT нашрига қарши туҳмат бўйича 15 млрд долларлик қайта даъво қўзғатди
Президентнинг адвокатлари The New York Times нашрининг бир қанча мақолаларида келтирилган даъволарни «ғаразли, туҳмат ва камситувчи» деб таърифлаган. Унинг бу ҳақдаги биринчи даъвоси суд томонидан рад қилинган эди.
Фото: Shutterstock
АҚШ президенти Доналд Трамп The New York Times (NYT) газетасига қарши туҳмат бўйича 15 млрд долларлик қайта даъво қўзғатди. Федерал судя сентябр ойида берилган дастлабки даъвони рад этиб, уни «ўта сиёсий, ноўрин ва номақбул» деб атаган эди.
Трампнинг Флорида штати Тампа федерал округ судига берган ўзгартирилган шикоятида асосий жавобгарлар сифатида The New York Times, унинг уч мухбири ва «Бахтиёр омадсиз: Доналд Трамп отасининг бойлигини қандай совургани ва муваффақият иллюзиясини яратгани ҳақида» китобини нашр этган Penguin Random House нашриёти тилга олинган.
Президентнинг адвокатлари 2024 йилги китоб ва NYT нашрининг бир қанча мақолаларида келтирилган даъволарни «ғаразли, туҳмат ва камситувчи» деб таърифлади. Гап Трампнинг бизнесдаги муваффақиятлари ва унинг бойлиги манбалари ҳақидаги баёнотлар ҳақида кетмоқда.
NYT нашрига қарши 15 млрд долларлик биринчи даъвони Трамп сентябр ойида қўзғатган. Шунда Трамп газетани «мамлакатимиз тарихидаги энг ёмон ва таназзулга учраган газеталардан бири» деб атаганди. Унинг сўзларига кўра, NYT демократлар жарчиси бўлиб, уни собиқ вице-президент, Трампнинг ўтган президентлик сайловидаги рақиби Камала Ҳаррис очиқчасига қўллаб-қувватламоқда.
Трамп ўз даъвосида, шунингдек, педофилликда айбланган молиячи Жеффри Эпштейн билан алоқалари ҳақидаги мақолалар ўзига «ҳайратланарли» молиявий зарар ва обрўсига путур етказганини таъкидлаган.
Кейинроқ, Флорида федерал суди президентнинг даъвосини рад этди. Суд даъво аризасида кўриб чиқилиши керак бўлган шикоятнинг моҳияти қисқача баён этилмаганини таъкидлади. Шу билан бирга, суд Трампга янги версияда даъво қўзғатиш учун 28 кун муҳлат берди.
NYT таҳририяти сентябр ойида эътирозларни асоссиз деб атади ва улар мустақил журналистикага тўсқинлик қилишга уриниш эканини таъкидлади.
Аввалроқ Трамп Эпштейнга юборган табрикнома ҳақидаги мақола туфайли Американинг бошқа оммавий ахборот воситалари, жумладан, The Wall Street Journal газетасига қарши даъво қўзғатганди. 2024 йил декабр ойида ABC News телеканали Трамп билан туҳмат ҳақидаги низони судгача ҳал қилди ва 15 миллион доллар товон тўлашга рози бўлди. 2025 йил июл ойида CBS News телеканалига эгалик қилувчи Paramount Global медиа холдинги Ҳаррис билан интервю туфайли суд даъвосини ҳал қилиш доирасида 16 миллион доллар товон тўлади.