Ўзбекистон | 18:51 / 18.10.2025
5092
3 дақиқада ўқилади

Дорихоналарнинг GPP сертификати муаммоси юзасидан Фармагентликка сенатор сўрови юборилди

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Баҳром Абдуллаев Kun.uz суриштирувида кўтарилган масала – дорихоналарга GPP сертификатини беришдаги йиғимлар масаласида Фармацевтика агентлиги директори Абдулла Азизовга сенатор сўровини юборди.

Фото: Yandex-хариталар

Сўровда сертификат беришдаги тўлов миқдори қандай шакллантирилгани, ундирилган йиғимлар қаерга сарфланаётгани юзасидан тушунтириш бериш сўралган.

Шунингдек, сенатор GPP сертификати учун мажбурий тўлов ундириш буйруғи бекор қилинса, келгусида қандай чоралар кўрилиши ва GPP сертификатини олган тадбиркорлардан ундирилган тўловлар тақдири нима бўлишига ҳам аниқлик киритишни сўраган.

Аввалроқ хабар берилганидек, масала Kun.uz'да ёритилиши ортидан, Адлия вазирлиги Фармагентлик директорининг GPP сертификатини беришдаги тўловларни тасдиқлаш ҳақидаги қарорини бекор қилиш юзасидан агентликка тақдимнома киритган эди. Чунки ҳужжат адлия органи томонидан давлат рўйхатидан ўтказилмагани аниқланган.

Муаммо нимада?

Ўзбекистонда 2025 йил 1 январга қадар фармацевтика маҳсулотларини чакана сотиш билан шуғулланувчи тармоқли дорихоналар, 2026 йил 1 январга қадар эса бошқа дорихоналар “Зарур дорихона амалиёти” (GPP) сертификатини олиши зарур. Акс ҳолда, уларнинг фаолият юритишига йўл қўйилмайди.

Сертификат Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги “Зарур амалиётлар маркази” ДУК томонидан берилади. Бунда марказ ходимлари дорихоналар фаолиятини жойига чиқиб текширади, белгиланган талабларга жавоб берган дорихоналарга 3 йил муддатга сертификат берилади.

Амалиётда дорихоналар ушбу сертификатни олиш учун 8,5 млн сўмгача мажбурий тўлов тўлашга мажбур бўлмоқда. Ҳар 9 ойда ўтказиладиган навбатдаги инспекция текшируви учун эса қўшимча 3,2 млн сўм тўлов ундирилмоқда.

Сенат пресс-релизида қайд этилганидек, тўлов миқдорининг юқорилиги жамоатчилик ва тадбиркорлар орасида катта норозиликка сабаб бўлмоқда. Жумладан, кўплаб дорихона эгалари буни қонун билан белгиланмаган мажбурий йиғим сифатида баҳоламоқда.

Бундан ташқари, ўтказилаётган текширувларда қўйилаётган талаблар лицензия талаблари билан деярли бир хил бўлиб, ортиқча бюрократик юк ва такрорланувчи назорат чораларини келтириб чиқармоқда.

Шунингдек, тадбиркорлар дорихоналарда санитария ва гигиена талабларини таъминлаш бўйича ортиқча қоғозбозлик кўпайганидан, хона ҳароратини аниқловчи термометр ускуналарини ҳар йили қиёсловдан ўтказиш бўйича ҳам қўшимча тўловлар талаб этилаётганидан ўз норозилигини билдирмоқда.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид