АҚШда ҳам ишчилар яшаш харажатлари ошиб кетганидан шикоят қилишяпти. Тухум каби асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи кескин қимматлашган, уй-жой нархлари ҳам иш ҳақи ўсишидан тезроқ кўтариляпти. Натижада солиққа тортиш тизимидаги энг юқори тоифага кирувчи, олти рақамли даромад олувчилар ҳам ўзларини аранг кун кечираётгандек ҳис қила бошлашган.

Goldman Sachs компаниясининг янги ҳисоботига кўра, йилига 300 мингдан 500 минг долларгача топадиган америкалик ишчиларнинг 41 фоизи, шунингдек, 500 минг доллардан ортиқ топадиганларнинг 40 фоизи ўзларини «ойликдан ойликкача яшаяпмиз» деб ҳисоблайди.

Кутилмаган тарзда нисбатан камроқ маош олувчилар: йилига 200 мингдан 300 минг долларгача даромад топадиганларнинг атиги 16 фоизи ўз харажатларини қоплашда қийналаётганини билдирган.

Даромад спектрининг янада қуйироқ қисмида жойлашганлар: йилига 100 мингдан 200 минг долларгача топадиган ходимларнинг 25 фоизи, 50 мингдан 100 минг долларгача даромад оладиганларнинг эса 36 фоизи ойликдан ойликкача яшаётганини маълум қилган. Ўз навбатида, йилига 50 минг доллардан кам топадиган америкалик ишчиларининг 57 фоизи маошлар кун кечириш учун зўрға етишини айтган.

Нега кўп пул топадиганлар қийналишни бошлаган?

Бир қарашда юқори даромад олувчиларнинг кам маошли ишчилар билан бир хил молиявий босимни ҳис қилаётгани мантиқсиздек туюлади. Аммо, тадқиқот бу парадоксни «ҳаёт тарзи инфляцияси» билан боғлаган. Яъни илгари ҳашамат ҳисобланган нарсалар айрим даромад гуруҳларида аста-секин заруратга айлана бошлаган.

«Тадқиқот шуни кўрсатадики, молиявий босим фақат паст даромадли ишчилар билан чекланмайди. Юқори даромад эгалари орасида ҳам ойликдан ойликкача яшаётган ёки узоқ муддатли молиявий мақсадларига етишда суст натижа кўрсатаётганлар кўп. Бу эса ортиб бораётган харажатлар, қарз юкламаси ва ҳаёт тарзи инфляциясининг жамғарма имкониятини йўққа чиқараётганини англатади», дейилади ҳисоботда.

Нархлар ошишда давом этяпти. Энг оддий маҳсулотлар, масалан, ўн иккиталик тухум айни пайтда 3,6 доллар туради. Жорий йилнинг март ойида бу кўрсаткич 6,22 долларгача кўтарилганди. Таққослаш учун, пандемиягача 12 та тухумнинг баҳоси атиги 1,4 доллар бўлган.

Йирикроқ харидлар, масалан, уй сотиб олишга келсак, нархлар янада кескин ошган. АҚШда уй сотиб олишнинг ўртача нархи 2025 йил августида 413,5 минг долларни ташкил этган бўлса, бу пандемиядан олдин, 2020 йилнинг январида 328,9 минг доллар эди. Натижада янги тоифа — «доимий ижарачилар» пайдо бўлган.