Россиянинг олтин захираси қиймати икки йилда икки бараварга ошди — 142 млрд долларга, деб хабар бермоқда Россия ОАВ РФ Марказий банкига таяниб. Қимматлашаётган олтинга эътибор кучайиши бежиз эмас: олтиннинг улуши олтин-валюта захираси таркибида рекорд даража — 39,6 фоизга етди. Москва 2014 йилдан фаол равишда олтин тўплашни бошлаган. Бу кўрсаткич бўйича у АҚШ, Германия, Италия ва Франциядан кейин жаҳон рейтингида бешинчи ўринда.
Шу билан бирга, расмий статистикага кўра, Россия олтин захирасининг жисмоний ҳажми деярли ўзгармаган — ҳатто йил давомида тахминан 6,2 тоннага қисқарган. Шу ҳолатда ҳам Россия иқтисодиёти жаҳонда олтин нархининг ўсишидан фойда кўрмоқда. 15 октябр куни Comex биржасида декабр фючерслари нархи троя унцияси учун 4200 доллардан ошди. Бироқ 21 октябрга келиб нарх 6 фоизга пасайиб, 4100 долларга тушди. Олтин Россия иқтисодиётида қандай рол ўйнайди ва унинг қимматлаши Москвага ҳарбий бюджетни сақлаб қолишга қай даражада ёрдам беради — DW таҳлил қилди.
Россия 2008 йилги инқироздан бери олтин сотиб олиб келган, айниқса 2014 йилдан фаоллашган. Ўшандан бери йиллик ўсиш тахминан 20 фоиз атрофида — йилига 200 тоннага яқин. Агар 2014 йил охирида Марказий банк омборларида 1209 тонна олтин бўлган бўлса, 2022 йилга келиб Россия банкининг олтин захираси изчил тўплаш натижасида 2300 тоннадан ошиб кетди.
DW аввал ёзганидек, Кремл шу тариқа АҚШ долларига боғлиқликни камайтиришни кўзлаган — умуман олганда бу стратегия тўғри бўлиб чиқди. 2007 йилда олтин нархи тахминан 700 доллар атрофида бўлган, 2011 йилда 1900 долларгача сакраган, ҳозир эса 4200 доллар белгисини ҳам ортда қолдирди. 2015 йилда консерватив немис нашри Die Welt «Путин Россияни олтин захираси тузоғига туширди» дея таъкидлаган, чунки ўшанда олтин 1000 долларгача тушган эди. Кейинчалик «Владимир Путиннинг олтинга бўлган фатал чанқоғи» мақоласи муаллифларидан бири Путин оқилона ва муваффақиятли йўл тутганини тан олди. Амалиёт кўрсатишича, 2020 йилда 1470 долларгача пасайишдан сўнг ҳам нархлар ўсишни давом эттирди. Молия мутахассиси Ян Мелкумовнинг фикрича, нарх «унцияси учун 4,5–5 минг долларгача етиши» мумкин. Унга кўра, бу тренд Россияга олтинни аввалгидек ҳажмларда сотиб олмасдан, жаҳон нархининг ўсишидан ютуқ кўришга имкон беради.
Ҳарвард университетининг Дэвис маркази тадқиқотчиси Андрей Яковлев таъкидлашича, Марказий банк ихтиёридаги резервлар расман пул-кредит сиёсати мақсадларига — валюта курсини қўллаб-қувватлаш ва инфляцияга қарши курашга хизмат қилади. «Гипотетик жиҳатдан Россия банки олтиндан молия бозорларида операциялар учун фойдаланиши мумкин, аммо ҳозир бунга эҳтиёж йўқ: рубл курси етарлича барқарор, инфляцияни тийиш учун резервларни сарфлаш керак эмас, бошқа муаммолар эса Марказий банкда эмас, Молия вазирлигида», — дейди эксперт. У Думa қабул қилиши керак бўлган яқин уч йил учун Молия вазирлиги тайёрлаган бюджет лойиҳаси «реал эмас»лигига ҳам эътибор қаратади.















