Жаҳон | 07:38 / 25.10.2025
27800
2 дақиқада ўқилади

Тарихда энг узоқ умр кўрган инсонлар рейтинги

Инсоннинг узоқ умр кўриш қобилияти тадқиқотчи ва тарихчиларда доимо қизиқиш уйғотиб келган. Тарих давомида ўртача меъёрдан анча кўп яшаган одамлар учраган бўлиб, бу соғлиқ, ирсият ва одатларнинг узоқ умр кўришга таъсири ҳақида муҳим маълумот берган.

Фото: AP

Юқоридаги инфографикада тарихда энг узоқ умр кўрган инсонлар рейтинги келтирилган бўлиб, эркаклар ва аёллар орасидаги энг юқори кўрсаткичлар алоҳида таъкидланган. Визуализация учун маълумотлар Wikipedia’дан олинган; у Gerontology Research Group ва Guinness World Records каби расмий манбалардан текширилган ёзувларни жамлайди.

Бу рейтингдаги барча аёллар 115 ёшдан ортиқ яшаган, рекорд эса франциялик Жанна Калманга тегишли — у 122 йил 164 кун умр кўрган.

1875 йилда туғилган Жанна Эйфел минораси қурилиши, икки жаҳон уруши ва замонавий техника пайдо бўлишининг гувоҳи бўлган. У ўзининг узоқ яшашини “Ўрта Ер денгизи услубида”ги турмуш тарзи билан изоҳларди: териси учун зайтун ёғини мунтазам қўллаш, шоколадни меъёрида истеъмол қилиш ҳамда жисмоний фаолликни сақлаш.

Япониялик Дзироэмон Кимура эса энг узоқ умр кўрган эркак сифатида эътироф этилган — 116 йил 54 кун. У узоқ яшашини фаоллик ва овқатни тўйиб емаслик (меъёрга риоя қилиш) билан боғларди.

Аёллар одатда биологик ва хулқ-атвор омиллари туфайли эркакларга нисбатан узоқроқ яшайди. Масалан, эстроген юрак-қон томир тизимини маълум даражада ҳимоя қилиши мумкин, шунингдек, аёллар одатда спиртли ичимликни суиистеъмол қилиш ёки хавфли фаолият турлари билан шуғулланиш каби таваккалли хулқ-атворга камроқ мойил бўлади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид