Иқтисодиёт | 12:34 / 27.10.2025
2908
2 дақиқада ўқилади

ЯИМ 7,6 фоизга ошди, ўсиш драйвери — хизматлар соҳаси бўлди

Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2025 йил январ–сентябрда Ўзбекистон ЯИМ жорий нархларда 1 303 702,1 млрд сўмни ташкил этди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,6 фоизга ўсди. Ўсишга энг катта ҳиссани хизматлар соҳаси қўшди.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг 9 ойида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 7,6 фоизга ошди. ЯИМ ҳажми жорий нархларда 1 303 702,1 млрд сўмга етди. Ўсиш таркибида хизматлар сектори асосий “драйвер” бўлиб, умумий кўрсаткичга +4,0 ф.п. ҳисса қўшди.

Тармоқлар кесимида:

  • хизматлар соҳаси — ўсиш 8,7 фоиз, ЯИМга ҳисса: +4,0 ф.п;
  • шундан савдо, яшаш ва овқатланиш — +10,6 фоиз;
  • ташиш ва сақлаш, ахборот ва алоқа — +14,6 фоиз;
  • бошқа хизматлар — +6,4 фоиз;
  • саноат — ўсиш 6,8 фоиз, ҳисса: +1,7 ф.п;
  • қурилиш — ўсиш 14,2 фоиз, ҳисса: +1,0 ф.п;
  • қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги — ўсиш 3,6 фоиз, ҳисса: +0,6 ф.п;
  • маҳсулотларга соф солиқлар — ўсиш 6,9 фоиз, ҳисса: +0,3 ф.п.

Йиғинди ҳиссалар 7,6 фоиз пунктига тенг бўлиб, умумий реал ўсишни тўлақонли акс эттиради. Маълумотларга кўра, ички талабнинг кенгайиши, айниқса хизматлар, логистика ва алоқа сегментларидаги фаоллик ЯИМ динамикасига асосий туртки бўлди, қурилишдаги икки рақамли суръатлар эса инвестиция фаоллигининг юқори эканини кўрсатди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид