Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Чат-ботларнинг уруш ҳақидаги жавоблари 18 фоизи — Россия давлат манбаларидан
IDS’нинг СИ чат-ботлари бўйича тадқиқотчилари аниқлашича, Украинадаги уруш ҳақида саволлар берилганда йирик тил моделлари (ChatGPT, Gemini, Grok ва DeepSeek) жавобларининг деярли ҳар бештасидан бирида Россия давлатига алоқадор контент пайдо бўлган.
Фото: Imago
Лондонда жойлашган Стратегик мулоқот институти (ISD) тадқиқотчилари Россиянинг Украинага қарши уруши ҳақида маълумот берганда чат-ботлар (LLM) кўпинча Россия давлатига боғлиқ манбаларга таянишини аниқлади. Улар пресс-релизда қайд этилишича, тўрт оммалашган чат-бот — ChatGPT, Google Gemini, Grok ва DeepSeek'нинг инглиз, испан, француз, немис ва италян тилларидаги қатор саволларга жавобларини таҳлил қилган.
«ISD беш тилда 300 та сўровни синовдан ўтказди, натижада Россия давлатига боғлиқ контент жавобларнинг 18 фоизида учради», — дейилади пресс-релизда. РФга боғлиқ контент орасида, жумладан, Россия давлат ОАВдан иқтибослар, «Россия махсус хизматлари билан боғлиқ сайтлар ва илгари чат-бот жавобларини ўрганиш жараёнида Россия ахборот операцияларида иштирок этгани маълум бўлган сайтлар» бор эди.
«Россияпараст қарашларни аниқлашга қаратилган» сўровларга жавобларда Россия давлат манбалари 25 фоиз ҳолатда қўллангани аниқланди, ҳолбуки, «нейтрал характердаги» сўровларга жавобларда бу улуш атиги 10 фоизни ташкил этди. «Бу LLM’ни ишончли, қонуний манбалардан текширилган маълумотларни илгари суриш ўрнига, россияпараст қарашларни мустаҳкамлаш учун осон манипуляция қилиш мумкинлигини кўрсатади», — дейди тадқиқотчилар.
OpenAI компаниясига тегишли ChatGPT бошқаларга нисбатан Россия манбаларини тез-тез келтиргани айтилмоқда. xAI томонидан ишлаб чиқилган ва Илoн Маск ташаббуси билан ишга туширилган Grok эса кўпинча Кремлга боғлиқ бўлмаган, бироқ россияпараст аккаунтларга таянган. Шу билан бирга, Google Gemini бу каби сўровлар учун кўп ҳолларда «хавфсизлик бўйича огоҳлантиришлар»ни намоён этгани таъкидланади.
Украинадаги урушни тугатиш музокаралари ҳақидаги саволларга жавоб беришда чат-ботлар ўртача кўрсаткичга нисбатан икки баробар кўп ҳолларда Москвага боғлиқ манбаларга мурожаат қилган: «Бу LLM ҳимоя чораларининг самарадорлиги муайян мавзуга қараб ўзгариши мумкинлигини англатади», — дейди ISD. Шу билан бирга, немис ва француз тилларида савол берган фойдаланувчиларга Россия давлатига боғлиқ манбалар энг кам тавсия этилган: жами 60 ҳолатдан фақат 9 тасида.
Мавзуга оид
23:00 / 04.12.2025
Америка делегацияси Зеленский билан учрашувни бекор қилган — ОАВ
15:46 / 04.12.2025
Россияда Roblox ўйин платформаси блокланди
14:59 / 04.12.2025
Рютте: Украина ҳамкорлари Россияга босимни давом эттириши керак
13:47 / 04.12.2025