Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мирзамаҳмудов: Аграр университетдаги ёнғинга қуёш панеллари сабаб бўлмаган
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Аграр университетдаги ёнғинга “томдаги қуёш панеллари сабаб” деган гап-сўзларни инкор этди: ҳодиса вақтида панеллар электр энергиясини ишлаб чиқармаётган, олов натижасида ёруғликдан кейинги генерация эса инвертор ёзувларида қайд этилгани билан исботланган.
Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг айтишича, аҳоли ўртасида қуёш панеллари хавфсизлигига оид асоссиз тарғиботлар учраб турибди. Унинг таъкидига кўра, Аграр университетдаги ёнғин бўйича “томдаги қуёш панеллари сабаб бўлган” деган миш-мишлар ҳам текширувларда тасдиқланмаган.
“Аслида ёнғин юзага келган пайтда қуёш панеллари ишламаётган, яъни электр энергиясини генерация қилмаётган бўлган. Аммо олов натижасида ёруғлик пайдо бўлганидан кейингина панелларда генерация кузатилган — буларнинг ҳаммаси инверторда қайд этилган. Биз тергов ва сўроқ жараёнида барча маълумотларни кўрсатганимиздан кейин, тушунишди”, — деди вазир.
Маълумот учун: 2024 йил 30 сентябр куни Аграр университети биносида рўй берган ёнғин 15 та экипаж жалб этилган ҳолда 2 соат давомида ўчирилган эди.