Жаҳон | 13:04 / 01.11.2025
1988
2 дақиқада ўқилади

Берлин аэропорти дрон сабаб ишини тўхтатди

Берлин-Бранденбург аэропорти яқинида учувчисиз аппарат (дрон) пайдо бўлгани учун парвозлар тахминан икки соатга тўхтатилди. Кўплаб рейслар бошқа аэропортларга йўналтирилди, учиш ва қўнишда кечикишлар юз берди.

Фото: REUTERS

Халқаро Берлин-Бранденбург аэропортида 31 октябр куни кечқурун номаълум дрон аниқлангани сабаб вақтинча иш фаолияти издан чиқди. Бу ҳақда 1 ноябрга ўтар кечаси dpa ва AFP агентликлари аэропорт вакилининг сўзларига таяниб хабар берди. Унга кўра, парвозлар маҳаллий вақт билан 20:08 дан 21:58 гача (Тошкент вақти билан 00:08 дан 02:58 гача) тўхтатиб турилди.

Кўплаб рейслар Дрезден, Лейпциг, Ҳамбург ва Ҳанновер аэропортларига йўналтирилди. Шунингдек, учиш ва қўнишда кечикишлар кузатилди: хусусан, Базел, Осло ва Барселонага рейслар кечикди. Лондон, Стокҳолм, Анталия ва Ҳелсинкидан келаётган самолётлар бошқа аэропортларга қўндирилди.

Бранденбург полицияси вакили журналистларга гувоҳ аэропорт яқинида тахминан 20:00 атрофида дронни кўрганини маълум қилганини айтди. Патрул экипажи ҳам дронни пайқаган, аммо уни бошқараётган шахс топилмаган.

Сўнгги ҳафталарда Европанинг бир қатор мамлакатларида, жумладан Германияда, аэропортлар яқинида номаълум дронлар бир неча бор қайд этилди. Бунга боғлиқ равишда айрим аэропортлар вақтинча рейсларни қабул қилиш ва жўнатишни тўхтатган. Хусусан, 2 ва 3 октябр куни кечқурун Германиядаги иккинчи йирик аэропорт — Мюнхен аэропорти номаълум дронлар туфайли ишини тўхтатди. Bild таблоиди полициянинг махфий ҳисоботига ишора қилиб, улар ҳарбий разведка дронлари бўлганини ёзди.

Шунингдек, Дания ва Норвегия ҳудудидаги аэропортлар ва муҳим объектлар устида дронлар бир неча бор кузатилган. Шу сабабдан фуқаролик дронлари учун ҳаво ҳудуди вақтинча ёпилган, Осло, Копенҳаген ва Олборг аэропортларида авиа-алоқа тўхтатилган. дронлар ортида ким тургани ҳануз аниқланмаган, аммо расмийлар Россиядан шубҳаланмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид