31 октябр куни Air Force One президент самолёти бортида журналистлар саволларига жавоб берган Трамп Орбаннинг бу масалада унга бевосита мурожаат қилганини тасдиқлади. «У (Орбан) биздан истисно сўради, биз бермадик, лекин у биздан сўради», — деди Оқ уй раҳбари.
Виктор Орбан аввалроқ 7 ноябр куни бўлиб ўтадиган учрашув пайтида Венгриянинг «алоҳида вазиятда» эканини Трампга тушунтиришга умид билдирди. Сиёсатчининг таъкидлашича, мамлакат энергия таъминотида қувурлар орқали етказиб беришга юқори даражада боғлиқ.
«Венгрия — денгизга чиқиш йўли йўқ мамлакат, — деди Орбан. — Биз Венгрияни энергия билан таъминлайдиган транспорт йўлларига боғлиқмиз. Асосан бу — қувурлар». Унинг сўзларига кўра, Россияга қарши санкциялардан истисно қилишга эришиш учун АҚШга шу «алоҳида вазият»ни тушунтириш зарур.











