Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) давлатларига доимий яшаш учун келган мигрантлар оқими 2024 йилда уч йиллик сезиларли ўсишдан сўнг илк бор бироз камайди. Ташкилотнинг 3 ноябр куни Брюсселда эълон қилган ҳисоботига кўра, ўтган йили ИҲТТнинг 38 давлатига доимий яшаш учун 6,2 миллион одам келган — бу кўрсаткич 2023 йилдагидан 4 фоиз паст. Шу билан бирга, янги доимий мигрантлар оқими тарихий максимал даражада қолди: 2019 йилга (COVID-19 пандемиясигача) нисбатан 15 фоизга юқори.
ИҲТТ мамлакатларига доимий миграциянинг асосий сабаби — оила билан қайта бирлашиш. Шу фонда меҳнат мигрантлари сони 2020 йилдан бери кузатилган барқарор ўсишдан сўнг 21 фоизга қисқарди.
Ҳисоботга кўра, мигрантларнинг ярми беш давлат ҳиссасига тўғри келади. АҚШ 1,42 миллион киши билан биринчи ўринда, ундан кейин 586 минг киши билан Германия келяпти. Кейинги қаторда — Канада, Буюк Британия ва Испания.
Айрим Европа мамлакатларида мигрантлар сони сезиларли қисқарган: масалан, Германияда 2023 йилга нисбатан доимий мигрантлар 12 фоизга камайган. Буюк Британияда бу кўрсаткич 2024 йилда 41 фоизга тушган, АҚШда эса аксинча — 20 фоизга ўсган.
Шу билан бирга, ИҲТТ мамлакатларида сиёсий бошпана сўровчилар сони ўсишда давом этди ва янги максимумга — 3,1 миллион янги аризага етди. Бу 2023 йилга нисбатан 13 фоиз кўп. Келиб чиқиш мамлакатлари орасида Венесуэла, Колумбия ва Сурия пешқадам бўлди.







