Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Келажак мероси” халқаро мукофоти таъсис этилди
Президент қарорига мувофиқ, адабиёт, маданий мерос, театр-кино, мусиқа ва рақс, тасвирий-амалий санъат, мода-дизайн, шунингдек илм-фан, таълим ва рақамли технологиялар йўналишларида “Келажак мероси” халқаро мукофоти жорий этилди. Ҳар йўналиш бўйича ғолиблар статуэтка, диплом ва 10 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.
Ўзбекистон президентининг қарори билан Янги Ўзбекистоннинг маданий-маърифий пойдеворини мустаҳкамлаш ва миллий ҳамда жаҳон миқёсидаги ижодкор-зиёлиларни рағбатлантириш мақсадида “Келажак мероси” халқаро мукофоти таъсис этилди.
Мукофот танловлари 2025 йилдан бошлаб ҳар йили қуйидаги йўналишларда ўтказилади:
- адабиёт;
- маданий мерос;
- театр ва кино;
- мусиқа ва рақс;
- тасвирий ва амалий санъат;
- мода ва дизайн;
- илм-фан, таълим ва рақамли технологиялар.
Белгиланишича, ҳар бир йўналиш бўйича ғолиблар статуэтка, диплом ва 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади. Мукофот тантанали маросимда топширилади.
Қарорга мувофиқ, “Келажак мероси” халқаро мукофоти кенгаши тузилади ва унинг асосий вазифалари тасдиқланади. Маданият вазирлиги кенгашнинг ишчи органи этиб белгиланди. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда мукофот тўғрисидаги низомни тасдиқлаши лозим.
Ташқи ишлар вазирлиги мукофотни хорижда оммалаштириш, ғолиб деб топилган чет эллик иштирокчиларни таклиф этиш ва зарур ҳолларда визаларни “Тошкент” ва “Самарқанд” халқаро аэропортларида расмийлаштиришга кўмаклашади.
Оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиш мақсадида Маданият вазирлиги тегишли медиа тузилмалар билан ҳамкорликда контент тайёрлаш ва тарқатиш ишларини ташкил этади.
Ташкилий-молиявий масалаларга кўра, танловни ўтказиш харажатлари 2025 йилда Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармаси ҳисобидан қопланади, 2026 йилдан эса давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
Мавзуга оид
19:45 / 15.11.2025
“Келажак мероси” мукофоти совриндорлари тақдирланди
12:58 / 11.12.2024
Франция адлия вазири «Эзгулик» жамияти раҳбарига халқаро мукофотни топширди
17:18 / 24.08.2024
Фотожамланма: 2024 йилнинг энг яхши оқ-қора фотосуратлари эълон қилинди
14:09 / 05.12.2016