Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сербиялик талабалар бир йилдан сўнг университетлар блокадасини якунлади
Сербиянинг қатор шаҳарларида дарслар қайта тикланди. Бундан аввал президент Александар Вучич мамлакатда муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказишни ваъда қилди.
Сербиялик талабалар деярли бир йил давом этган ҳукуматга қарши намойишларни тўхтатди. Белград, Нови-Сад, Ниш ва Нови-Пазар университетларида дарслар 3 ноябр куни қайта бошланди, деб хабар берди давлат Tanjug ахборот агентлиги Сербия таълим вазирлигига таяниб. Бошқа олий таълим муассасаларидаги блокадалар эса аввалроқ якунланган эди.
Талабалар 2024 йил ноябр ойи ўрталарида Нови-Сад темирйўл вокзалида бетон соябон кутилмаганда қулаб тушганидан сўнг университетлар блокадасини бошлаган эди. Ўшанда 16 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар яраланди. Бу фожиа мамлакатда 1996 йилдан буён энг йирик ва энг узоқ давом этган норозилик ҳаракатига сабаб бўлди.
Сербия президенти 2 ноябр куни мамлакатда муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказилишини ваъда қилгани ҳақида серб ОАВ хабар берди. Унинг сўзларига кўра, сайловлар ваколат муддати тугамасидан, яъни 2027 йил декабригача бўлиб ўтади, аниқ санани эса “тегишли институтлар” белгилайди, деб хабар қилди N1 телеканали.
1 ноябр куни Сербиянинг Нови-Сад шаҳрида вокзал фожиаси муносабати билан тахминан 39 минг киши тўпланди. Сербия ИИВ маълумотича, шаҳарга бутун мамлакат бўйлаб турли ҳудудлардан одамлар келган.
Нови-Садда 2024 йил 1 ноябр куни яқинда таъмирланган темирйўл вокзалидаги бетон соябон қулаб тушган эди. Натижада 6 ёшдан 74 ёшгача бўлган 16 киши ҳалок бўлди. Фожиадан кейин қурилиш вазири лавозимини эгаллаган Горан Весич истеъфо берди, кейинроқ у ва вокзал реконструкцияси билан боғлиқ яна 12 нафар шахс қўлга олинди. Бироқ ҳозиргача улардан ҳеч бири жавобгарликка тортилмаган.
Вазирнинг истеъфоси ва қўлга олишларга қарамай, мамлакат бўйлаб норозилик тўлқини кучайди. Сербия полицияси намойишчилар билан кескин тўқнашувларга киришди. Намойишчилар Нови-Саддаги фожиага сабаб сифатида коррупцияни, беэътиборликни, қурилишда хавфсизлик қоидаларига риоя этмасликни ва ҳокимият тепасидаги мансабдорлар ўртасидаги таниш-билишчиликни кўрсатди.
Январ ойида норозиликлар фонида Сербия бош вазири ва Нови-Саднинг собиқ мэри Милош Вучевич лавозимини тарк этишини эълон қилди. Март ойида мамлакат парламенти унинг истеъфосини маъқуллади. Ҳукуматнинг янги раҳбари этиб тиббиёт профессори Журо Мацут тайинланди, унинг номзодини мамлакат президенти Александар Вучич таклиф этган эди.
Мавзуга оид
08:35 / 06.06.2026
Сербияда оғир вазиятда қолган фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди
15:00 / 03.06.2026
Белграддаги глобал конференцияда Ўзбекистоннинг гендер тенглик борасидаги тажрибаси тақдим этилди
22:15 / 18.05.2026
Шавкат Мирзиёев Сербия президенти билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди
08:58 / 13.05.2026