DW хабарига кўра, Вучич Белграддаги Сербия тараққиёт партияси қароргоҳида тарафдорлари олдида чиқиш қилиб, овоз бериш натижалари ҳақида гапирган.
«Ҳозирча якуний натижалар йўқ, аммо... бу сайловда ютқазганимиз аниқ. “Талабалар рўйхати” ғалаба қозонди: улар 135 тадан 140 тагача ўрин олади, бизда эса 105 та бўлади. Бошқа ҳеч ким парламентга ўтмади», — деган у.
Сербия Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, маҳаллий вақт билан соат 18:00 да — сайлов участкалари ёпилишига икки соат қолганида — сайловчилар иштироки 64,9 фоизни ташкил этган. Хабарда бу 1992 йилда Югославия парчаланганидан буён рекорд кўрсаткич экани қайд этилган.
Сербиянинг Danas газетаси ёзишича, Вучич мағлубиятини тан олгач, одамлар «Талабалар рўйхати» ғалабасини нишонлаш учун Белград кўчаларига чиққан.
Сайлов бюллетенларига жами 18 та рўйхат киритилган. Бироқ асосий рақобат Вучичнинг Сербия тараққиёт партияси ва «Талабалар ғалаба қозонади» рўйхати ўртасида кечган.
Талабалар ҳаракати 2024 йил ноябрда Нови-Сад шаҳридаги темирйўл вокзали томи қулаб, 16 киши ҳалок бўлганидан кейин бошланган норозилик намойишлари фонида шаклланган. Ҳукумат танқидчилари фожиани коррупция ва бепарволик билан боғлаган.
Вучич сентябр охирида президентлик лавозимидан кетган эди. У партияси парламент сайловида ғалаба қозонса, ҳукуматга раҳбарлик қилишни режалаштирган.
Унинг иккинчи президентлик муддати 2027 йил майида тугаши керак эди. Вучич учинчи муддатга номзодини қўя олмасди.

















